Савченко Украина президенти бўлишга тайёрлигини айтди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Украиналик зобит, бир кун олдин Россиядан ватанига қайтарилган Надежда Савченко зарур бўлган вазиятда президент бўлишга тайёрлигини билдирди.

"Мен учишни хоҳлайман, лекин, одамлар мени президент сифатида кўришни исташса, президент бўлишга тайёрман", деди у Россиядан қайтганидан сўнг Киевада берган матбуот анжуманида.

Айни пайтда, Савченко Олий Рада депутати сифатида асирликка тушган украиналик бошқа ҳарбийларнинг озод этилиши билан, шунингдек, армияга алоқадор масалалар билан шуғулланмоқчи.

"Армияда назорат бўйича қўмита ишларида қатнашаман. Мен у ердаги вазиятдан хабардорман ва армиядаги коррупция ҳақида биламан, унга қарши курашмоқчиман", деб қайд этган у.

Надежда Савченконинг сўзларига кўра, украиналик ҳарбийларни озод қилишга ёрдам берадиган бўлса мамлакат шарқида ўзини мустақил республикалар деб эълон қилган россияпараст вакиллар билан келишув ва музокаралар олиб боришга тайёр.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Украина шарқидаги воқеаларни Савченко Россия-Украина уруши деб атаган. "Бу фуқаролар уруши эмас, бу россия-украина уруши. Уларнинг қанчадир бир қисм одамлари бизнинг еримизга урушиш учун келдилар. Душман бу- Россия", деб таъкидлаган у.

Бундан ташқари у "дунёни кезишни ва агрессор билан курашда Украинага ёрдам бермоқчи бўлган мамлакатларга сафар қилиш"ни хоҳлашини айтган.

Қримни қандай қилиб қайтариш ҳақидаги саволга жавоб бераркан, Савченко бунинг учун икки йўл: уруш ёки халқаро ҳуқуқ ечим бўла олишини айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

"Ўша пайтда уни ҳимоя қилиш керак эди. Биз буни қўлдан бой бердик... Энди қандай қайтариш мумкин? Агар учинчи жаҳон уруши бўлса, Қрим қайтади. Урушсиз халқаро ҳуқуқ орқали унга етиб бориш мумкин. Балки буни бошқа авлодлар амалга оширар", деган Савченко.

25 майда Савченко билан қўшма матбуот анжуманида Президент Порошенко "Надеждани қайтариб олганлари каби Қрим ва Донбассни ҳам қайтаришга ҳаракат қилиши"ни билдирганди.

Бу баёнотни изоҳлаган Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Украина Президентининг Донбассни қайтариб олиш хоҳиши инсонпарварлик нуқтаи назаридан кўзда тутилган бўлса, Кремл уни ёқлайди, дейди.

Бироқ у Украина Президентининг Россия аннексия қилган Қрим ҳақидаги гапини изоҳлашни рад қилиб, Қримни Россия минтақаси деб атаган.

25 май куни Россия Президенти Владимир Путин Донбассда икки рус журналистининг ўлимида айбдор топилиб, 22 йилга озодликдан маҳрум этилган Надежда Савченкони авф қилиш тўғрисида фармонга имзо чеккан. Жаноб Путин буни инсонпарварлик нуқтаи назаридан амалга оширганини билдирган.

Савченко фармон чиққан куниёқ Украинага жўнатилган, Киевдан эса жосуслик учун 14 йилга қамалган икки россиялик ҳарбий Александр Александров ва Евгений Ерофеевлар Москвага етказилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Надежда Савченкони Киев аэропортида қаҳрамон сифатида юзлаб одамлар гуллар билан кутиб олишган. Ўша ерда журналистларга интервью берган Савченко ватани Украина учун ҳаётини қурбон қилишга тайёрлигини таъкидлаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ