‘Россияда пессимист ва норозилар кўпаймоқда’

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Мамлакат аҳолиси орасидаги бу каби кайфиятга Умумроссия омма фикрини ўрганиш маркази олиб борган сўнгги сўров натижалари далолат қилган.

Марказнинг янги сўрови натижаларидан аён бўлишича, ҳозир бор-йўғи 40 фоизга яқин россиялик мамлакатлари тўғри йўлдан кетаётганига ишонишаркан.

Сўров муаллифлари ўзларининг эътироф этишларича, бу – шу йил бошидан ўзлари қайд этган энг паст кўрсаткичдир.

Агар, қиёс ўлароқ олинадиган бўлса, ўтган йил май ойида бу кўрсаткич қарийб 50 фоизни ташкил этган.

Яъни, аҳолининг қарийб тенг ярми Россия бораётган йўлнинг ҳақлигига ишонган.

Худди шу манзарада Россия олиб бораётган сиёсатдан норозилар сони ҳам бир йилнинг ичида деярли 10 фоизга ортган.

Ўтган йил бу каби хулосада бўлган россияликлар сони 12 фоиз бўлса, ҳозирга келиб, бу рақамлар 21 фоизга етган.

Сиёсатдан иқтисодга

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Агар, Умумроссия омма фикрини ўрганиш марказининг янги сўрови натижаларига таянилса, мамлакат аҳолисининг учдан бир қисмидан кўпроғи Россиядаги мавжуд иқтисодий вазиятдан ҳам мамнун эмаслар.

Бу хусусдаги фикрлари сўралганлар ярмидан ортиқроғи наздида Россиядаги иқтисодий аҳволга чидаса бўлади.

Худди шу манзарада бор-йўғи 11 фоиз россиялик эса, ҳаммаси жойида, деган ишончда.

Бошқа томондан, янги сўров натижаларига кўра, мамлакат аҳолисининг чорак фоизи ўз тирикчилигидан рози эмас.

Аммо, шунда ҳам, россияликларнинг ярмига яқини бугунги ҳаётларидан буткул мамнун.

Ўтган йил эса, қарийб ҳар бешта россияликдан биттаси ўз турмушидан норози экани маълум бўлганди.

Умид-чи?..

Фото муаллифлик ҳуқуқи k

Янги сўров натижалари, Россияда “Ҳаммаси изга тушиб кетади”, деган умидда бўлганлар сонининг ҳам камайиб кетаётганига далолат қилган.

Агар, марказ келтирган рақамларга таянилса, 41 фоиз россиялик келаси йил ҳам ҳаётлари “эски ҳаммом, эски тос” қабилида бўлишига ишонишади.

Қарийб 20 фоиз россиялик наздида эса, турмушлари ҳозиргидан-да ёмонлашади.

Фақат чорак фоиздан сал ортиқ россияликкина келажакка умид кўзи билан қараркан.

Ташвишлар

Сўнгги ойларда ўтказилган сўровлар эса, бир нарсага: россияликларни сиёсийсидан кўра кўпроқ иқтисодий муаммолар ташвишга солаётганини кўрсатган.

Марказ тадқиқотчиларига кўра, аҳоли Россия иқтисодидан тортиб, даромадларининг камлиги ва ишсизлар сонининг ортиб кетишидан хавотирдалар.

Агар, марказ томонидан яқиндагина ўтказилган бошқа бир сўров натижаларига таянилса, бу йил аксарият россияликлар ўз таътилларини уйда ва ёки ёзлоқларида ўтказишмоқчи.

Бунга эса, улар қўлларининг калталиги ва ёки иш жойларидан таътил олишга имконсизликлари сабаб бўлмоқда экан.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEKYou
  • Tube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ