БМТ: Ўрта Ер денгизида 700 дан ортиқ муҳожир чўкиб кетган

БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги(UNHCR) хабар қилишича, охирги уч кун мобайнида Оврўпо соҳилларига етиб олмоқчи бўлган 700 дан ортиқ инсон Ўрта Ер денгизида ҳалок бўлган.

Бошқарма вакили Карлотта Самининг айтишича, чоршанба, пайшанба ва жума куни қочқинлар ўтирган қайиқлар об-ҳаво шароити ва одам ташишга мўлжалланмаган қайиқларга ҳаддан ташқари юк ортилиши оқибатида денгизга ағдарилган деб кўрилмоқда.

"Ҳозирча бу борада аниқ айта олмасак ҳам, лекин 700 инсоннинг бедарак кетиши фожеадан дарак беради", деб айтган у.

Бошқа хабарларга кўра, ҳалок бўлганларнинг сони 900 тагача етади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи REUTERS

Чоршанба куни контрабандачилар қайиғининг ағдарилиши оқибатида қарийб 100 муҳожир бедарак кетган. Фожеанинг даҳшатли лавҳалари ва оқибатлари қутқарувчилар томонидан олинган сурат ва видеоларда акс этган.

Чўкаётган қайиқни дастлаб Италиянинг "Беттика" патрул кемаси илғаган, Италиянинг қутқарув хизмати тикучар ва қутқарув қайиқлари орқали ўнлаб чўкаётган муҳожирларни сувдан чиқариб олган.

550 га яқин муҳожир пайшанба куни Ливиянинг Sabratha портидан чиққан қайиқ ағдарилишидан сўнг чўкиб кетганлар.

Жума кунги ҳодисада 135 инсон қутқарилган, 45 та жасад сувдан чиқариб олинган, номаълум сондаги муҳожирлар бедарак қолмоқда.

Баҳор мавсуми Африкадан Оврўпога келувчи ноқонуний муҳожирлар оқимини кескин оширган.

Ўрта Ер денгизи орқали Италияга, ундан Оврўпонинг бошқа мамлакатларига етиб олмоқчи бўлганларнинг аксарияти Шимолий Африка фуқаролари экани айтилади.

БМТнинг Қочқинлар бўйича комиссарлиги маълумотларига биноан, жорий йил бошидан бери Ўрта Ер денгизида Оврўпога қараб йўналган 40 мингга яқин муҳожирлар қутқарилган. Шу ҳафта бошидан буён 5 минг 600 инсон ҳаёти сақлаб қолинган.

Тирик қолганларни Италиянинг Таранто ва Поццало портлари қабул қилаяпти.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EU Navfor Med

Осиё, Африка, Яқин Шарқ мамлакатларидан урушдан қочиб ёки яхши ҳаёт истагидагида олис йўлга таваккал қилиб қайиқларда йўлга чиққан ва денгизда сувга чўкиб ҳалок бўлаётганларнинг сони хавотирлидир.

Кўп мамлакатлар қочқинлар ва муҳожирларнинг кириб келишига чекловлар жорий этиши орқасидан, одамлар Оврўпога кириб олиш учун қонуний йўлларни айланиб ўтувчи жиноий тизимлар хизматига кўпроқ мурожаат қиладилар.Бундай хизматлар эса асосан хавфсизликка риоя қилинмайдиган транспорт усуллари, қайиқлардан фойдаланишади.

Ўлим хавфи катталигига қарамай, Оврўпога келаётган муҳожирларнинг 90 фоизи ўз сафарлари давомида бу тармоқ аъзолари хизматидан фойдаланишларига тўғри келади.

2015 йилнинг ўзида Оврўпога қарийб бир миллионга яқин ноқонуний муҳожирлар киришган, уларнинг аксариятига қонунбузар ташкилотлар ёрдам берганлар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ