Фаллужани ИШИДдан озод қилишнинг якуний босқичи бошланган

Ироқ армиясидан хабар қилишларича, пойтахт Бағдоддан 50 километр узоқликдаги Фаллужа шаҳрини ўзини “Исломий Давлат” деб атайдиган гуруҳ жангариларидан озод қилиш мақсадидаги ҳал қилувчи ҳужумларга киришилган.

Ироқ қўшинлари шаҳарни озод қилишга бир ҳафта олдин киришгандилар, шу пайтгача Фаллужа атрофидаги қишлоқлар учун жанглар кечган.

ИШИД асосий қароргоҳларидан ҳисобланган Фаллужани 2014 йили босиб олган.

Бағдоддан Иордания ва Сурияга элтадиган асосий йўлда жойлашган Фаллужа икки йил олдин январда ИШИД назоратига ўтган эди.

Шаҳарда 50 минг киши қамалиб қолгани айтилмоқда. Бир неча юз оилагина қочиб чиқишга муваффақ бўлган.

Қўшинлар Фаллужага тобора яқинлашиб борар эканлар, пойтахт Бағдодда қатор бомба ҳужумлари рўй берган ва камида 20 киши ҳалок бўлган.

30 май куни шаҳар ичида портлашлар ва отишма овозлари эшитилган.

Ироқ армияси қўмондонларидан бирининг “Франс Пресс” ахборот агентлигига айтишича, ҳужум уч томондан бошланган ва Ироқ армияси кучлари аллақачон шаҳарга кирган.

Халқаро ҳарбий коалиция шаҳарни ҳаводан бомбардимон қилаётгани, шунингдек, Ироқ армияси учоқлари ҳам ишғолга қўшилгани хабар қилинмоқда.

Фаллужа ҳужумига замбараклар ва танклар ҳам жалб этилган.

ИШИД жангарилари худкушлик ва машиналарга ўрнатилган бомба ҳужумлари билан қаршилик кўрсатмоқдалар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Расмийлар қўшинлар Фаллужага яқинлашиб бораётганларини айтсалар ҳам, Бағдодда бўлган Би-би-си мухбирига кўра, кўринишича, ҳозирда асосан ИШИДнинг шаҳар ташқарисида бўлган мудофаа нуқталарига қарши амалиётлар кетмоқда.

Амалиётларда қатнашаётган ҳарбий гуруҳлар қўмондонлари ўз амалиётларини шаҳар марказига ҳамла бошлангунга қадар тўхтатиб туришлари ва шу билан кўпроқ аҳолига қочиб чиқиш имконини беришларини билдиришган.

Фаллужаликларнинг очдан ўлаётганлари ва ИШИД тарафида курашдан бош тортганлари учун қатл этилганликлари ҳақида хабарлар бор.

Ироқ қўшинлари аҳолини шаҳарни ташлаб чиқиш ё-да уйдан чиқмасликлари ҳақида огоҳлантирганлар. ИШИД эса аҳолининг шаҳардан чиқиб кетишларига қаршилик қилмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи REUTERS

Фалужа Мосул шаҳри билан бирга Ироқдаги ИШИД қўлида бўлган йирик шаҳарлардан биридир.

Дастлаб Ал-Қоида кейинчалик ИШИД томонидан босиб олинишидан аввал Фаллужада 300 минг аҳоли яшарди.

Шаҳар Бағдоддан Сурия ва Иордания томон борадиган муҳим йўл бўйида жойлашган.

Фаллужада 200 тача масжид борлиги учун шаҳарни “масжидлар шаҳри” деб ҳам аташади.

2003 йили АҚШ етакчилигидаги ҳарбий коалиция Саддам Ҳусайн режимига қарши ишғолни бошлаган пайтда Фаллужа сунний қаршилик ҳаракатининг марказига айланган эди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ