Эрдўғон: туғилишни назорат қилмаслик керак!

Фото муаллифлик ҳуқуқи hurriyet.com.tr

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон туғилишни назорат қилишга қарши чиққан.

Жаноб Эрдўғон ҳомиланинг олдини оладиган воситалардан воз кечиб, мусулмон аҳолига пайғамбар даъват қилганидек, болаларни кўпайтиришни маслаҳат берган.

Ҳуррият рўзномасининг ёзишича, Эрдўғон халққа мурожаат қилиб, "Очиқ билдираман: биз туғилишни кўтарамиз, биз аҳоли сонини оширамиз. Бирорта ҳам мусулмон оиласи туғилишни назорат қилиш, оилани режалаштириш билан шуғулланмаслиги керак", деб айтган.

Контрацептивлардан воз кечиш ва туғилишни оширишга чақириқлар Ёшлар ва таълим фондининг 20 йиллиги муносабати билан Истанбулда ўтган маросимда янграган. Президентнинг сўзлари билан айтганда, оилани режалаштириш Туркия аҳоли сони ошишига тўсқинлик қилади.

Image caption Туркия Президенти ва рафиқаси суриялик қочқинлар жамлоғида. Суриялик чақалоқларга Эрдўғон шарафига Ражаб, Тойиб, Эрдўғон исмлари берилган.

Ассошиэйтед пресс агентлигига кўра, бундан олдин Эрдўғоннинг аёллар эркаклар билан тенг эмас ва ҳар бир аёл камида уч фарзанд дунёга келтириши керак, деган гаплари баъзи аёллар ташкилотларининг норозилигига сабаб бўлганди.

Туркия Президенти илгари ҳам ҳомилани олдини олишга қаратилган воситаларга қарши гапирган. 2014 йилги чиқишларидан бирида жаноб Эрдўғон контрацептивлардан фойдаланишни давлатга хиёнат қилишга, абортни қатлиомнинг бир турига тенглаштирган ва уни тақиқлашга чақирган. Шунингдек, зинони қаттиқ қоралаганди.

Туркиянинг ўзида Эрдўғоннинг сиёсатини ёқловчилар кўп. "Ўн беш йил олдин университетларда ўқиган ва ижтимоий секторда ишлаган аёллар жуда кам эди. Давлат тузулмаларида хизмат қилган аёллар рўмол ўрашлари таъқиқланганди. Турк аёллари ҳаётлари юз фоиз яхши томонга ўзгаряпти. Аёллар катта орзу- ҳаваслар ва умидларни қўраяпти, ҳаёт аёллар учун ҳам яхшиланяпти, ҳам енгиллашиб боряпти", деб ҳисобловчилар билан бирга, Эрдўғонни танқид қилувчилар ҳам йўқ эмас.

Баъзи инсон ҳуқуқлари гуруҳлари эса президент Ражаб Тойиб Эрдўғон ҳукмронлигида аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари драматик тарзда ошганидан огоҳлантиришади.

2014 йили мамлакатнинг илк бор сайланган президенти бўлган Эрдўғон аёлларга нисбатан содир этилаётган зўравонликни Туркиянинг қонаб турган очиқ яраси деб айтган ва бу иллатни йўқ қилиш учун янги ҳаракатларни бошлашга ваъда берганди.

Image caption Туркиянинг биринчи хонимининг ҳарамлар ҳақидаги гапи ҳам баҳсларга сабаб бўлганди.

Бироқ шу билан бирга аёллар ташкилотлари йиғилган анжуманда гапирган Эрдўғон “аёллар эркакларга тенг эканликларига ишонмаслиги”ни ва “аёл тақдирини худо белгилаган”ини, уларни ҳимоя қилиш кераклигини ҳам қайд этганди.

Эрдўғоннинг аёлларга нисбатан зўравонликни қоралаб чиқиб, эркаклар аёллар учун жавобгарлар, уларни ҳимоя қилишлари керак, дегани аёллар орасида норозилик ҳам ўйғотган, "биз ҳеч кимнинг моли эмасмиз, биз инсонлармиз ва ўз ҳақ-ҳуқуқларимизга эгамиз”, дейишган тенг ҳуқуқликни ёқлаган аёллар.

Туркияда Аёлар ва Оила вазирлиги- Оила ва Ижтимоий сиёсат вазирлигига ўзгаргани, аёллар ўз ҳуқуқларини алоҳида урғулаётган гуруҳдан ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган гуруҳларнинг бирига айлангани танқид қилинади фаоллар томонидан.

Эрдўғон аёлларни авлоднинг давомийлигини таъминловчи куч дейди. Аёл биринчи навбатда она ролини бажариши керак ва шунинг учун аёл миллатни кўпайтириш масъулиятига эга, деб таъкидлайди Туркия Президенти.

Бундан олдин Туркиянинг биринчи хоними Эмине Эрдўғоннинг ҳам "Усмонийлар салтанати давридаги ҳарамлар Туркия тарихида ижобий рол ўйнаган, мамлакат аёллари ва салтанат вакиллари учун ўзига хос ҳаёт мактаби вазифасини ўтаган"и ҳақидаги гаплари жаҳон оммавий ахборот воситаларининг эътиборини тортган, ижтимоий тармоқларда турли фикрларни уйғотганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг