‘Туркия гўзали’ Эрдўғонни ‘ҳақоратлади’

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Худди ана шундай тўхтамга келган Истанбул маҳкамаси Мерве Буюксарачни 14 ойлик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилган.

Маҳкама 27 ёшли собиқ “Туркия гўзали”ни “давлат арбобини ҳақорат қилишда айбдор”, деб топган.

Аммо, ҳукм тафсилотларидан маълум бўлишича, агар Мерве келаси беш йил ичида бу ишга такроран қўл ургудек бўлса, ростмана қамоқ жазосига юз тутади.

Модель ҳимоячисининг баён қилишича, маҳкама ҳукми юзасидан лозим идораларга шикоят аризаси билан чиқишади.

Бундан ташқари, Оврўпонинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Страсбург маҳкамасига ҳам мурожаат қилишади.

Ҳаммасига нималар сабаб бўлганди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Собиқ “Туркия гўзали” ўтган йил ҳибсга олинганди.

Бунга Мерве Буюксарачнинг 2014 йил “Инстаграм”даги саҳифасида чоп этган бир парча шеър сабаб бўлган.

Хабарларга кўра, ҳажвий мазмундаги бу шеър ўша пайтда турли ижтимоий мулоқот тармоқларида энг оммабоп бўлган.

Мерве уни олиб, ўз саҳифасида қайта чоп этган.

Қоралов томони эса, бу шеърни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон шаъни учун ножоиз, деб топган.

2006 йилги “Туркия гўзали” танлови ғолибасининг баён қилишича, қилган иши билан сиёсатчини ҳеч бир ҳақорат қилиш нияти бўлмаган.

Махсус қонун бор

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Туркияда мамлакат президентини таҳқирлашни маън этувчи хос қонун амал қилади.

Унга мувофиқ, Туркия президентининг шаънини оёқ-ости қилганликда айбдор, деб топилган шахс тўрт йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Агар, “Ассошийэтед пресс” ахборот агентлиги келтирган маълумотларга таянилса, Туркия президенти лавозимига келган 2014 йилдан буён жаноб Эрдўғон ўз шаънини ҳимоя қилиш учун қарийб икки мингта шикоят аризаси билан чиққан.

Бу нимага далолат қилади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Кузатувчиларга кўра, шу йўл билан турк раҳбари мамлакатида сўз эркинлигини чекламоқчи, мухолифларининг оғзини юммоқчи.

Бунгача қатор журналистлар, олимлар ва ҳатто, ўқувчилар ҳам “президентни ҳақорат қилиш”да айбланишгани хабар берилган.

Дейлик, апрел ойи охирида Туркияда худди шундай айблов билан голландиялик журналист аёл қўлга олинганди.

Бундан ташқари, Туркия олмон ҳажвчиси Ян Бёмерман ҳам жазолансин, демоқда.

Ҳажвчи олмон телеканалларидан бирида президент Эрдўған ҳақида шеър ўқиган, Туркия раҳбари эса, уни ўз шаънига ҳақоратли, деб топганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02#
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ