Дунёдаги энг узун ва энг чуқур туннел очилди

Швейцариядаги янги темир йўл туннели нафақат дунёдаги энг узуни, балки-да энг ер остидан ўтгани ҳам бўлади.

Ўзига хос рекорд ўрнатиши кутилаётган бу туннелни қуриб битказиш ишларига ўзиям нақ йигирма йилча вақт кетган.

Янги туннел 57 километрга узанган ва Швейцариянинг машҳур Альп тоғлари остидан ўтади.

Бу туннелдан қатнаши кўзда тутилаётган тезюрар поездлар шимолий ва жанубий Оврўпони бир-бирига боғлайди.

Швейцариянинг баён қилишича, янги туннел Оврўпо юк транспортида инқилоб ясайди.

Товарларни ташиш учун бундан буёғига йилига миллионлаб юк машиналарига ҳожат қолмайди.

Янги туннел

Шу пайтгача Япониянинг Сайкан туннели дунёдаги энг узуни саналиб келинган.

Бу туннелнинг узунлиги 53.9 километрни ташкил этган.

Ла-Манш бўғози орқали Буюк Британия ва Францияни боғловчиси эса, жаҳондаги энг узун иккинчиси бўлган.

Аммо Швейцариядаги янгиси қуриб битказилиши ортидан, “Channel”нинг ундан 7 километрча қисқа экани маълум бўлган.

Дунёда янги рекорд ўрнатиши кутилаётган туннелнинг дабдабали очилиш маросимида Олмония канцлери Ангела Меркель, Франция Президенти Франсуа Олланд ва Италия Бош вазири Маттео Ренциларнинг ҳам иштирок этишлари айтилмоқда.

Пули-чи пули

Расмий хабарларга кўра, Швейцариядаги янги туннел 12 миллиард АҚШ долларига тушган.

Уни қуриб битказишга эса, ўзиям нақ 20 йилча вақт керак бўлган.

Серхарж ва осмонўпар лойиҳа экани боис, ҳатто, янги лойиҳага қўл уришдан олдин 1992 йилда махсус референдум ҳам ўтказилган.

Янги туннел тоғ сатҳидан икки ярим чақиримча пастдан ва 46 градусгача қизиб кетиши мумкин бўлган харсанглароша ўтади.

Хабарларга кўра, Альп тоғлари бағрини ёриб ўтиш учун муҳандислар озмунча заҳмат чекишмаган.

Улар бири гранитдек тош-метин, бошқаси шакардек майин бўлган 73 хил тошу харсангни кечиб ўтишган.

Янги туннелни барпо этиш учун тоғ бағридан жаъми 28 миллион тоннадан ортиқ тошу тупроқни қазиб чиқаришган.

Қазиш ишлари қурбонларсиз кечмаган, уларда ўнга яқин ишчи ҳаётдан кўз юмган.

Аммо туннел ўз вақтида ва ортиқча сарф-харажатларсиз қуриб битказилган.

Энди-чи

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Янги туннел темир йўл орқали Голландиянинг Роттердами билан Италиянинг Генуясини бир-бирига боғлашга имкон беради.

Темир йўл хизмати тўлиқ ишга тушган декабр ойидан бошлаб, Цюрихдан Миланга бор-йўғи бир соатда етиб олиш мумкин бўлади. Яъни сафар муддати 1 соату 40 дақиқага қисқаради.

Бундан ташқари, 1980 йилда очилган эскилари каби янгиси тоғни айланиб юрмайди. Тўғридан-тўғри ва сип-силлиқ йўл орқали сизни ўз манзилингизга етказади.

260 га яқин юк ва 65 йўловчи поезди бор-йўғи 17 дақиқанинг ўзида туннелни кесиб ўтишлари мумкин бўлади.

Янги лойиҳага кетган сарф-харажатлар эса, ёқилғи маҳсулотлари, юк машиналарига солинган қўшимча солиқлар ва давлат томонидан берилган қарз ҳисобидан қопланган.

Швейцариялик масъулларга кўра, масаланинг молиявий томонидан ҳеч бир ташвишлари йўқ ва қилган шунча харажатлари келаси 10-12 йилнинг ичида чиқиб кетади.

Марказий Осиёдаги энг узуни

Швейцариядагисига оид сўнгги янгилик Марказий Осиёда энг узун туннел ишга тушганига оид хабар манзарасида ўртага чиққан.

Янги темир йўл туннели Қамчиқ довони орқали ўтади ва узунлиги 19 километрдан ортади.

Тоғдан ўйиб солинган йўл пойтахт Тошкентни Фарғона водийси билан улайдиган "Ангрен-Поп" лойиҳасининг таркибий қисми ҳисобланади.

Қурама тоғларидан олиб ўтилган "Ангрен-Поп" темир йўли 123 километрни ташкил этади ва у денгиз сатҳидан 2000 метр баландликдадир.

Пойтахт Тошкентни Фарғона водийси билан бевосита боғловчи туннел Хитой ширкати кўмагида уч йил ичида қуриб битказилган.

Бу лойиҳа жаъми қарийб 2 миллиард АҚШ долларига баҳоланган.

Минтақадан олинган хабарларга кўра, янги йўналишнинг очилиши Хитой-Марказий Осиё-Оврўпо халқаро темир йўл транзит йўлаги ташкил қилинишини билдиради.

Экспертларнинг айрим маҳаллий интернет нашрларида келтирилган маълумотларига таянилса, ишга тушгандан кейинги биринчи йилда бу темир йўлоша 600 минг йўловчи ва 4.5 миллион тонна юк ўтиши кўзда тутилган.

Аҳамияти-чи?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Минтақавий таҳлилчиларга кўра, Марказий Осиёдаги энг узуни экани айтилаётган электрлаштирилган темир йўл туннели транзит нуқтаи назаридан Ўзбекистоннинг Тожикистонга қарамлигини камайтиради.

Фарғона водийсининг Ўзбекистон қисмини нақлиёт иҳотасидан халос этади.

Ички ва ёки ташқи муаммо пайдо бўлган пайтда, Ўзбекистонга катта сондаги ҳарбийларини Фарғона водийсига ташлаш имкониятини беради.

Бундан ташқари, маҳаллий электростанциялар учун Фарғона водийсига катта миқдорда кўмир элтишга йўл очади.

Бу каби фикрлари билан эса, қозоғистонлик сиёсатшунос Марат Шубутов ИА REGNUM ахборот агентлиги билан суҳбатида ўртоқлашган.

Сиёсатшуноснинг якунида айтишича, “Ангрен-Поп” кабисига ўхшаш мураккаб инфратузилмали лойиҳа ўтган чорак аср давомида собиқ Шўролар Иттифоқи ҳудудида амалга оширилмаган.

Унга кўра, бу, ўз навбатида, Ўзбекистондаги сиёсий режимнинг эффектив, барқарор ва қодир эканига ҳам далолат қилади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02#
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ