Олмония парламенти: 1915 йил ҳодисалари қатлиом бўлган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Олмония парламентининг қуйи палатаси Бундестаг Биринчи Жаҳон уруши йилларида Усмонли Туркия томонидан арманиларнинг оммавий ўлдирилишини қатлиом деб тан олиш ҳақидаги резолюцияни маъқуллаб овоз берган.

Туркия Бундестаг резолюциясига қаттиқ қарши чиққан ва бу ҳужжат маъқулланадиган бўлса, Туркия билан Олмония муносабатларига қаттиқ шикаст етказиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Арманиларга кўра, 1915 йилги ҳодисаларда 1,5 миллионча армани ўлдирилган.

Шу боисдан, Арманистон Туркиядан Биринчи жаҳон урушида арманларнинг оммавий ўлдирилишини геноцид деб тан олишни талаб қилиб келади.

Мазкур оммавий ўлдирилишлар арманилар томонидан қатлиом сифатида кўрилиши Туркия билан ўн йиллардан буён давом этаётган адоват асосида туради.

Туркия эса воқеага бундай ёндашувни кескин рад этади.

Ва Туркия 1915 йилдаги воқеада одамлар ўзаро ички қарама-қаршиликнинг қурбонлари бўлишган ва ўлганлар сони ҳам сунъий оширилган деб билади.

Арман тарихчилари фикрича, 1915-16 йиллар давомида Шарқий Анатолиядан ярим миллионгача арманлар ҳалок бўлган.

Расмий Анқарага кўра, 1915 йил воқеаларида тахминан 300 минггача армани ўлган, бироқ бу қатлиом эмас.

Олмония парламенти томонидан арманилар оммавий ўлдирилишини қатлиом деб эътироф этилиши Оврўпо Иттифоқи билан Туркия муносабатлари анчайин таранг, иттифоқ муҳожирлар инқирозини ҳал этишда Туркиянинг кўмагига муҳтож бўлиб турган пайтга тўғри келган.

Туркиянинг қудратдаги "Адолат ва Тараққиёт" партияси сўзчиси айтишича, ушбу ҳодиса икки мамлакат муносабатларига шикаст етказади.

Арманистон Олмония парламенти қарорини "Арман қатли омини халқаро эътироф этиш ва қоралаш"га қўшилган "қимматли улуш" дея олқишлаган.

Дунёдаги 20 дан ортиқ давлат, жумладан Франция ва Россия, шунингдек, Рим Папаси Франциск 1915 йилги қирғинни геноцид деб тан олганлар.

Бундестагдаги овоз беришда Канцлер Ангела Меркел қатнашмаган.

Унинг Насроний Демократлари, коалициядаги Социал-Демократлар ва Яшиллар резолюцияни тўла қўллаб-қувватлаганлар.

Бир Бундестаг аъзоси қарши чиққан ва яна бир парламент аъзоси бетараф қолган.

Овоз беришдан олдин Туркия Бош вазири Бинали Йилдирим бу ҳодиса Анқара ва Берлин ўртасидаги "дўстликнинг синови" бўлади, дея огоҳлантирган.

Овоз беришдан сўнг эса Бош вазир ўринбосари Нуъмон Куртулмуш ушбу резлолюцияни "тарихий хато" деб атаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ