Сурия: Ҳаводан ёрдам ташлансин

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Дарая шаҳарчаси деярли 4 йилдан бери қамал остида.

БМТ ва Ғарб давлатлари Суриянинг қамал остида қолган шаҳарлари аҳолиси учун тезлик билан ҳаводан ёрдам ташланишига даъват қилдилар.

1 июн куни Сурия ҳукуматига қамалдаги шаҳарлар аҳолисига ёрдам етказиш учун берилган муддат тугади.

Пойтахт Дамашққа яқин Дарая шаҳарчаси аҳолисига 2012 йилдан бери озиқ-овқат ёрдами етказилмаган.

У ерга 1 июн куни кичик сондаги ёрдам карвони етиб борган, аммо бир оз дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулоти бўлмаган ашёларни тарқатиб қайтган. Дараяга электр таъминоти уч йил аввал узиб қўйилган.

3 июн куни БМТ Хафсизлик Кенгаши аъзолари йиғилиб, Сурияга шошилинч равишда ҳаводан ёрдам ташлаш масаласини муҳокама қилишлари кутилмоқда.

АҚШ Давлат Департаментига кўра, ҳозирда Сурияда юз минглаб аҳоли мутассил ёрдамга муҳтож.

Феврал ойида Жаҳон Озиқ-овқат Ташкилоти ҳукумат назорати остида бўлган Дейр ал-Зуур минтақасига баъзи ёрдамни етказганди.

Лекин ёрдамнинг деярли ярми бедарак кетган. Бир қисми бирон томонга тегишли бўлмаган нейтрал ҳудудга тушган ва яна бир қисми ерга тушгач, парчаланиб кетган.

Британия Ташқи Ишлар вазири Филип Ҳаммонднинг айтишича, ҳаводан ёрдам етказиш ўта мушкул, қиммат ва хавфли вазифа.

"Лекин ҳозирда бундан ўзга чора йўқ", деди Британия расмийси.

Ғарб давлатлари Россия ва Эронни Сурия ҳукуматига бўлган таъсирларидан фойдаланиб, ҳаводан ёрдам амалиётларининг хавфсиз равишда етказилишига кафолат бериш йўлида босим ўтказишга даъват қилдилар.

Россиянинг айтишича, чоршанба куни етказилган ёрдам "ижобий қадамдир".

БМТнинг ёрдам амалиётлари учун масъул расмийсининг айтишича, Сурия ҳукумати ёрдам етказиш учун сўралган рухсатларни ҳамиша рад этиб келган.

Ўтган ой Сурия расмийлари аввалдан келишилган ёрдам карвонини тўхтатиб қолганлар.

1 июн куни Россия Мудофаа вазирлиги Сурия расмийлари билан биргаликда Дараяга ёрдам етказилишига имкон бериш учун ҳарбий амалиётларни 48 соатга тўхтатиб туришга келишиб олганликлари ҳақида маълум қилган.

Дарая президент Башар ал-Асадни қўллаётган Россия ҳаво кучлари томонидан фойдаланилаётган қўналғага яқин ерда жойлашгандир.

Шаҳарча ал-Асад режимига қарши намойишлар рўй берган илк шаҳарлардан бири бўлганди ва 2012 йилдан бери қамал остида.

БМТга кўра, Сурия бўйлаб 4 ярим миллиондан кўпроқ аҳоли ёрдам етказиш қийин бўлган ҳудудларда яшамоқдалар. Улардан 600 мингги қамал остида бўлган мавзелардалар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг