‘Ангела Меркель – дунёнинг энг қудратли аёли’

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Олмония канцлери кетма-кет олтинчи бор Американинг нуфузли “Forbes” журнали таснифида худди шу каби мақомга лойиқ, деб кўрилган.

Бу рейтинг тарихида Ангела Меркель хонимларининг номи жаъми 11 бор тилга олинган.

Олмония канцлери билан бирга бу йилги юқори учликка яна АҚШ президентлик сайловларида Демократик партиядан асосий номзод Ҳиллари Клинтон ва АҚШ Федерал Захира тизимининг раҳбари Жанет Йелленлар киришга муваффақ бўлишган.

61 ёшли Ангела Меркель 2005 йил ноябрида Олмония канцлери этиб сайланган.

"Форбс" журнали бундан аввал Меркел хонимни Оврўпо Иттифоқининг "чин" ва "глобал иқтисодда ҳақиқий кучга эга" ягона қитъа давлатининг раҳбари деб ҳам атаган.

Олмон канцлерини нега дунёнинг энг қудратли аёли, деб топгани сабабини, "унинг раҳбарлиги остида Олмония иқтисодиёти гуллаб-яшнаётгани, ишсизлик камайиб, расмий Берлин Оврўпо Иттифоқининг нисбатан кучсиз аъзоларига ёрдам бераётгани", - билан ҳам изоҳлаганди.

Ангела Меркел сўнгги икки йил ичида ўзининг глобал қочқинлар бўҳронига ечим топишга қаратилган фаол саъй-ҳаракатлари билан ҳам дунё бўйлаб кўпчиликни тан олдирган.

Олмония аксарияти Яқин Шарқ ва афғонистонлик бўлган энг кўп қочқинларни қабул қилган ягона Оврўпо давлатига ҳам айланган.

Қудратли аёллар

Фото муаллифлик ҳуқуқи epa

“Форбс”нинг янги рўйхатида жаъми дунёнинг 29 давлатидан бўлган 100 нафар аёлнинг номи тилга олинган.

Улардан 32 нафари турли корпорациялар етакчилари бўлса, яна 12 таси давлатлар раҳбарлари мақомида бўлган аёллардир.

Рўйхатга кирган 11 аёлнинг шахсий бойлиги 1 миллиард доллардан ортади.

Юзта аёлнинг ихтиёрида бўлган пулларнинг умумий миқдори эса, триллион долларга етади.

Бунча маблағнинг бутун дунё бўйлаб 3.6 миллиард инсоннинг ҳаётига у ёки бу маънода таъсири борлиги айтилади.

Янги рўйхат

Фото муаллифлик ҳуқуқи WPA Pool

Бу йил “Дунёнинг энг қудратли аёли” номига даъвогарлик қилганларнинг ўртача ёши 57 ни ташкил этган.

Уларнинг орасидан энг ёши – “Yahoo’ ижроий раҳбари 41 ёшли Марисса Майер, энг кексаси эса, Буюк Британиянинг 90 яшар қироличаси Елизавета II бўлиб чиққан.

Янги рўйхатда сонлари бўйича Америка вакилаларига ҳеч ким бас келолмаган.

Яъни, рўйхатга тушган қудратли аёллардан 51 нафарининг америкалик эканликлари маълум бўлган.

Бу борада иккинчи ўрин, кутилмаганда, гонконгликлари дохил хитойлик хотин-қизларга насиб этган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Уларнинг орасида “Alibaba” интернет-гигантининг ижроий директори Люси Пэн ва Жаҳон Соғлиқни Сақлаш ташкилоти раҳбари Маргарет Чанлар ҳам бор.

Бу йил “Форбс”нинг рўйхатига тушган Британия вакилларининг сони эса, олти кишига етган.

Дунёнинг энг қудратли аёллари сафида бор-йўғи бир нафар россиялик борлиги ҳам аён бўлган.

Яъни, ёлғиз Россия Марказий Банки раиси Эльвира Набиуллинага бу каби бахт насиб этган.

Набиуллина хоним қудратлилик бобида 100 та аёлнинг орасидан 56-ўринни эгаллаган.

Май ойида ўзига кўрсатилган ишончсизлик ортидан, курсисини тарк этишга мажбур бўлган Бразилия собиқ президенти Дилма Руссефф эса, бу йилги рўйхатдан буткул тушиб қолган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ