Дамашқдаги портлашларда қурбонлар бор

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Сурия пойтахти Дамашқда содир этилган икки портлаш 8 инсоннинг умрига зомин бўлган, деб хабар беради давлат телевидениеси.

Сурия давлат телевидениеси портлаш содир этилган жойдан кадрларни намойиш этган.

Тасвирларда аланга олган бино ва вайрон бўлган автомобилларни кўриш мумкин.

Қароргоҳи Лондонда жойлашган Сурияда инсон ҳақларини кузатиш гуруҳининг маълумотларига кўра, камида 12 инсон ҳалок бўлган, 30 дан ортиғи яраланган.

Дастлаб автомобилга ўрнатилган бомба портлатилган. Сўнгра худкуш ҳужумчи ўзини портлатиб юборган.

Ҳодиса шиалар муқаддас деб биладиган Саййида Зайнаб мақбараси кириш жойида рўй берган. Шиалар мақбараси жангарилар томонидан тез-тез нишонга олинади.

Бино олдида хавфсизлик чоралари кучайтирилганига қарамасдан, портлашларни содир этишга муваффақ бўлинган.

Портлашга масъулиятни "Исломий давлат" жангари гуруҳи ўз зиммасига олган.

Шиалар Президент Башар Ассад тарафдорлари саналишади. Шу боисдан бошқа мамлакатлардан келиб, Ассад кучлари сафига қўшилган ва мухолифатдаги сунний мусулмонларга қарши курашадиган шиалар кўплиги айтилади.

Кўп шиалар жангга кетиш олдидан одатда ибодатхонага ташриф буюришади.

Эрон ҳукумати ва Ливандаги "Ҳизбуллоҳ" ҳаракати Президент Башар ал-Ассадни дастаклаётганларидан кўзлаган мақсадларидан бири Суриядаги шиалар учун муқаддас қадамжолар, хусусан Саййида Зайнаб мақбарасини муҳофаза қилиш эканини маълум қилгандилар.

Шиалар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Саййида Зайнаб мақбараси бундан олдин ҳам, охирги марта 2015 йил февралида нишонга олинган.

Шиа мусулмонлари Дамашқ жанубидаги мақбарада Муҳаммад Пайғамбар(САВ) набираси Саййида Зайнаб дафн этилган деб билсалар-да, айрим мусулмонлар Саййида Зайнаб Қоҳирада ёки Маккада дафн этилган деб биладилар.

Саййида Зайнабнинг отаси Али ибн Абу Толиб, онаси Муҳаммад Пайғамбар(САВ)нинг қизи Фотимаи Заҳродир.

Ҳазрати Али тўртинчи Ислом халифаси бўлган.

Шиалар Али ибн Абу Толибни Ислом пайғамбарининг қонуний вориси деб ҳисоблайдилар.

Ислом пайғамбарининг қонуний вориси ким бўлиши кераклиги борасидаги баҳслар шиалар ва суннийларни иккига бўлиб юборган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ