УЕФА: футбол зўравонликларда қатнашадиганларнинг жойи эмас

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Оврўпо футбол ассоциацияси россиялик ва англиялик футбол ишқибозларининг Марсел ўйингоҳидаги ҳаракатини кўриб чиқмоқчи. Шанба куни Англия-Россия ўйинидан сўнг ишқибозлар тўқнашганлар.

УЕФА Марселдаги ҳодисани қоралаб, "Футбол бу каби зўравонликларда иштирок этувчиларнинг жойи эмас", деб айтган.

Оврўпо футбол ташкилоти содир бўлган тўқнашувларга россиялик ишқибозлар масъулиятли эканини айтиб, Россияга қарши тартиббузарлик бўйича чоралар кўрилишини маълум қилган.

Гувоҳларга кўра, 1-1 ҳисоби билан тугаган Англия-Россия ўйинидан кейин россиялик футбол ишқибозлари англиялик мухлислар ўтирган жойга қараб ёпирилишган ва Англия байроғини йиртмоқчи бўлганлар. Трибунада олов ёқилганини ҳам айтишади улар. Баъзиларига кўра, тўқнашувлар россиялик фанатлар ўйин тугашига оз қолганда мушак отганидан кейин бошланиб кетган. Россиялик ишқибозлар тўсиқларни сакраб ўтиб, рақиб томон мухлисларини ура бошлаганлар.

Би-би-си мухбири Дэн Роаннинг сўзларига қараганда, англиялик ишқибозлар тўполонлар бошлангач, ваҳимада тўсиқлардан сакраб қочишга уринганлар.

Британия элчиси тўқнашувлардан сўнг, бир қанча британияликлар касалхонага етказилганини айтган. Баъзиларининг аҳволи оғир.

У шунингдек, вазиятни Франция ҳукумати билан бирга кўриб чиқаётганларини қайд этган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Икки ўртада бошланган тўполон ўйингоҳ хизматчиларининг аралашуви билан пасайган.

Футбол ассоциацияси хавфсизлик хизматининг ходими ўнлаб мусобақаларда қатнашиб, ҳали бунақасига гувоҳ бўлмаганини айтади.

Россия Спорт вазири Виталий Муткога кўра, англиялик ва россиялик ишқибозлар ўтирган трибуна махсус тўсиқлар билан ажратилмаган. Жаноб Мутко ҳодисага изоҳ бераркан, жарима тўлашга тўғри келиши мумкин, деган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

"Менинг тушунишимча, УЕФАдан бизга жарима бўлиши мумкин, ўзимизни нотўғри тутдик. Ҳозир кўриб чиқяпмиз, воқеада иштирок этганлар гуруҳ бўлишганми ёки шунчаки чипта билан кирганларми?"

Баъзи британиялик журналистлар воқеа жойидан суратларни ижтимоий тармоқларга жойлаганлар. Уларнинг таъкидлашича, қора кийимдаги бир гуруҳ руслар зўравонликларни бошлаш учун атайлаб орқа томондан кириб келганлар.

Россия-Англия ўйинидан олдин ҳам оммавий жанжаллар содир бўлган, камида 30 киши жароҳат олган, иккитасининг аҳволи оғирлиги хабар қилинган.

Франция полицияси охирги икки кунда футбол ишқибозларини тинчитиш учун камида уч марта кўздан ёш оқизувчи газ қўллашига тўғри келган.

Ницца шаҳрида ҳам тартибсизликлар юз берган, у ерда Шимолий Ирландия ва Польша ишқибозлари полиция билан тўқнашган. Олти киши жароҳатланган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ◾ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • ◾Instagram - BBC UZBEK
  • ◾Twitter - BBC UZBEK
  • ◾Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • ◾Facebook - BBC UZBEK
  • ◾Google+BBC UZBEK
  • ◾YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • ◾Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг