Малайзиянинг Исломий ҳаво ширкати парвозлари тўхтатилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Малайзиянинг илк исломий авиаширкати - Rayani Air парвозларига тақиқ қўйилган.

Фуқаро авиация хизматига кўра, ҳаво ширкати гувоҳномаси бекор қилинишига учиш йўриқномасига амал қилинмагани ҳамда учоқлар хавфсизлик ҳолатига оид хавотирлар сабаб бўлган.

Rayani Air ўтган декабрда иш бошлаганди. Ширкат ўз парвозлари давомида фақат ҳалол озиқ-овқат берилиши, спиртли ичимликлар таклиф қилинмаслиги ҳамда ўранган, одми либосдаги учоқ ходималари хизмат кўрсатиши ҳақида айтганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи epa

Rayani Air ихтиёрида Boeing 737-400 русумли иккита учоқ бўлган. Уларнинг ҳар бирида 180 йўловчи, 8 нафар учувчи ҳамда 50 экипаж аъзосини олиб учиш имконияти бўлган.

Фуқаро авиация хизмати Rayani Air бундан кейин тижорий ҳаво ширкати ўлароқ хизмат кўрсата олмаслигини билдирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Бундан олдин ширкат парвоз тартиб-қоидаларига мувофиқ иш тутмагани айтилиб, 3 ойга тақиқланган ва кейинроқ, учоқлар хавфсизлик ҳолати тафтиш қилинган.

Малайзия авиация комиссияси чиқарган ҳисоботда Rayani Air "тижорий ҳаво ширкати сифатида фаолиятини давом эттириш"га қодир эмаслиги, бунинг учун етарли молия ва бошқарув имкониятлари йўқлиги айтилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Айни пайтда ҳаво ширкати учувчилари иш ташлаган пайт парвозларни бекор қилгани юзасидан танқидларга тутилганди.

Қароргоҳи Ланкави оролида жойлашган Rayani Air пойтахт Куала Лампур ва шимолий Кота Баҳру шаҳрига парвозлар йўлга қўйганди.

Хабарларда айтилишича, ширкатнинг парвоз манзилларини кўпайтириш ҳамда Ҳаж ва Умра зиёратлари учун ҳам хизмат кўрсатиш режалари бўлган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ