Россияда Зика вируси юқтиришнинг 5 ҳолати тасдиқланган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Россия Истеъмолчилар ҳуқуқлари ва инсон сиҳат-саломатлигини ҳимоя қилиш бўйича назорат идораси раҳбари Анна Попова Зика вирусини юқтиришнинг 5 ҳолати тасдиқлангани ҳақида хабар қилган.

"Роспотребнадзор" идораси раҳбари сўзларига кўра, 5 та ҳолат ҳам Доминикан Республикасида ҳордиқ чиқариб қайтган инсонлар билан боғлиқ.

Доминиканда дам олаётган пайти Зика вирусини юқтирган россияликлар ватанига қайтганидан кейин текширилган ва муолажадан ўтганлар.

"Уларнинг ҳаммаси соғ-саломат, соғайиб кетганлар ва ўзларини яхши ҳис қилмоқдалар", деб айтган Анна Попова.

Иситма, конъюнктивит ва бош оғриғини келтириб чиқарувчи Зика инфекцияси Кариб ороллари, Шимолий ва Жанубий Американинг 21 мамлакатида қайд қилинган.

Зика вируси минглаб болаларнинг ривожланмай қолган мия билан туғилишларига сабаб бўлган.

Баъзи давлатларда аёлларга ҳомиладан сақланиш тавсия қилинди.

Ҳозирча унга қарши муолажа ва вакцина ишлаб чиқилмаган.

Вирус Африкада пайдо бўлган, лекин 2015 йил майида илк марта Бразилияда қайд қилинган.

Америка қитъаси аҳолиси орасида бу вирусга табиий иммунитетнинг бўлмаслиги унинг тез тарқалишига сабаб бўлаётгани ишонилади.

Зика вируси Эдес чивинининг чақиши билан юқади. Бу чивин Канада ва Чилидан ташқари, Америка қитъаларининг барча мамлакатларида мавжуд.

Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилоти тасдиқлашича, мазкур вирус бир кишининг спермасида ҳам топилган ва "одамдан одамга жинсий алоқа орқали ўтиши мумкин"лигига ишора қилган.

Зика вирусини юқтирганларнинг 80 фоизи ҳеч қандай касаллик аломатини сезмайдилар.

Энг катта хавотир она бачадонидаги ҳомилага етказиладиган эҳтимолий шикаст борасидадир.

Россияда илк Зика вируси 2016 йил февралида аниқланди.

Ўшанда ҳам Доминикандан дам олиб қайтган аёл Зикани юқтириб қайтган.

Жаҳон Соғлик ташкилоти бу вирус тарқалган ҳудуддан қайтган инсонларга камида 8 ҳафта жинсий алоқадан тийилишни маслаҳат беради.

Бразилиялик олимларга кўра, Зика вируси охир-оқибат инсон нерви тизимининг қаттиқ жароҳатланишига олиб келади.

Олимлар, бирор бир инсон Зика вирусини юқтирганини билмасдан яшаб юриши ҳам мумкин, деб ҳисоблайдилар.

Ўтказилган тадқиқотлардан бирига кўра, Зика вирусини Ер юзида 2 миллионгача одам юқтириши таҳдиди мавжуд.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ