Умарнинг аёли ҳам айбланиши мумкин

Фото муаллифлик ҳуқуқи .

Хабарларга кўра, прокурорлар Бош ҳакамдан Орландодаги гей-клубга ҳужум қилиб, 49 кишини ўлдирган ҳужумчи аёлининг ҳам тергов қилинишини сўрашган.

Аён бўлишича, Нур Салмон якшанба кунги ҳужумга алоқадорлик билан боғлиқ айбловларга юз тутиши мумкин.

Нур Салмон ўша куннинг ўзидаёқ сўроқ қилинган, аммо очиқда қолаётган эди.

Флорида штатида амалга оширилган ҳужум Американинг бу яқин тарихидаги энг йириги сифатида эътироф этилганди.

Умар Матиннинг ўқидан 53 киши ҳам яраланган, улардан 6 нафарининг аҳволи ҳануз оғир экани айтилади.

Дастлабки тергов натижалари билан танишиб чиққан АҚШ Сенати Жосуслик қўмитаси аъзоси сенатор Ангус Кингнинг баён қилишича, “Нур Салмон нималар бўлаётганидан маълум маънода хабардор бўлган”.

Сешанба куни эса, Америка оммавий-ахборот воситалари Нур Салмоннинг турмуш ўртоғи билан бирга ўқ-дори сотиб олгани боргани, пасту баландини ўрганмоқчи бўлган эрини “Pulse” тунги клубига ҳам айнан у машинада элтиб қўйгани ҳақида хабар беришганди.

Бундан ташқари, Умар Матиннинг ҳужум қиларкан, клуб ичкарисидан хотинига қўнғироқ қилганига оид тахминлар ҳам бор.

Айрим хабарларга кўра эса, Нур Салмон эрини бу ниятидан қайтаришга ҳам уринган.

Нур Салмон

Нур Салмон Умар Матиннинг иккинчи хотини бўлади, у ўзининг асли ўзбекистонлик биринчи хотини билан ажрашиши ортидан унга уйлангани айтилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ҳужумчининг отаси Сиддиқ Матиннинг айтишича, Нур Салмон айрим кийим-кечакларини олиш учун душанба куни эри билан бирга яшаган квартирага келиб кетган.

Қайнотаси, ўз ўрнида, келини ёш боласи билан бирга ҳануз Флоридада эканини ҳам маълум қилган, аммо айнан қай бир ерда эканликларини очиқлашдан бош тортган.

Америкалик масъулларга кўра, отишма маҳалида полициячилар томонидан отиб ўлдирилган 29 ёшли Умар Матин ўша пайтнинг ўзида ИШИДга байъат келтирган.

Терговчиларнинг айтишларича, Умар Матиннинг бирор бир хорижий жангари гуруҳ билан алоқага чиққанини исботлаши мумкин бўлган бирор бир далил йўқ.

Ота-онаси асли афғонистонлик муҳожирлар бўлган ҳужумчи Нью-Йоркда туғилиб ўсган.

АҚШ Президенти Барак Обама сешанба куни Умар Матин, афтидан, “ғазабнок, безовта, руҳан ноқарор радикаллашган ёш йигит” бўлганини айтган.

Президент Обаманинг шу пайшанба куни Орландодаги ҳужум сатҳига ташриф буюриши кутилмоқда.

АҚШ президенти Республикачи номзод Дональд Трампнинг мусулмонларга ўз эшикларини ёпишга оид даъватини ҳам танқидга тутган.

“Бу – ўзлари истаган Америка эмас”лигини айтган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ