Германия кўпхотинлиликка қарши курашмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Германия кўпхотинлилик ёки вояга етмаганлар билан турмуш қуришни тан олмайди, деб айтди мамлакат адлия вазири Ҳейко Маас.

"Бу ерга келган бирон киши ўз маданий қадриятлари ёки диний қарашларини бизнинг қонунларимиздан устун қўя олмайди", - деди у Бильд газетасига.

Ислом қонунларига бўйсуниб яшовчи баъзи мамлакатларда эркаклар тўрт хотинга уйланишлари мумкин, аммо Германияда бир вақтнинг ўзида биттадан ортиқ шахс билан турмуш қуриш ман этилган.

Охирги вақтда Германия айниқса мусулмон давлатлардан кўплаб муҳожирларни қабул қилиб олар экан, кўпхотинлилик ва вояга етмаганлар билан никоҳ қуриш борасида хавотирлар юзага келган.

Германияда кўпхотинлилик ман этилган бўлса-да, амалда ҳукумат уларга қарши курашмайди.

Мисол учун, эркак оламдан ўтганида, унинг мулки икки хотини ўртасида бўлиб олинади.

Аммо, жаноб Маас бу каби тажрибага нуқта қўймоқчи.

"Бу ерда катта бўлгани ёки энди келганига қарамай, ҳамма қонунга бўйсуниши керак", - деди у ўз интервьюсида.

"Айниқса, вояга етмаган қизларнинг мажбуран эрга берилишига тоқат қилиб тура олмаймиз", - деди адлия вазири.

Бильд газетаси хабар қилишича, Бавария штатининг ўзида 18 ёшга етмаган қизлар турмушга узатилганининг 550та ҳоли, 16 ёшга етмаганларнинг эса 161 ҳоли қайд этилган. Улар яқинда муҳожирлар тўлқини билан кириб келган қочқинлардир.

Баъзи ҳолларда, ёш қизлар Германияга келишдан аввал аллақачон никоҳланган бўлишган.

Аммо, яқинда Бамберг шаҳар маҳкамаси Сурия қонунларига биноан турмуш қурган 15 ёшли қиз ва 21 ёшли эркакнинг никоҳини тан олиш бўйича қарор чиқарган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.