ОИ-Британия: "ё чиқиш ё қолиш..."

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Нима бўлмоқда?

Британияликлар 23 июн куни Оврўпода қолиш ва ё қолмасликка доир референдумда овоз беришади. Референдумда сайловда қатнашиш ёшига етган барча овоз бериши мумкин. Одатда референдумнинг саволларига ва ёки саволига “ҳа” ёки “йўқ” деб жавоб берилади.

Нима учун референдум энди ўтмоқда?

2015 йилда Бош вазир Девид Камерон агар унинг партияси сайловда ғалаба қозонса, бу референдумни ўтказишга ваъда берганди. Ўтган йиллар давомида унинг ўз партиясидаги айрим сиёсатчилар ва Буюк Британия Мустақиллик (UKIP) партияси 1975 йилда Иттифоққа қўшилишга доир референдумда британияликлар ўз иродасини тўла намоён этмаган дея босим кўрсатишмоқда эди. Ўшандан бери Иттифоқ бир қатор ислоҳотларга юз тутди ва бизнинг ҳаётимиз устидан кўпроқ назорат қила бошлади, дейишади улар. Оврўпо Иттифоқи Оврўпо Иттифоқи (ОИ – қисқартма) Оврўподаги 28 давлатнинг иқтисодий ва сиёсий ҳамкорлигидир. Иккинчи Жаҳон урушидан кейин сиёсат саҳнасига чиққан Иттифоқ ўзаро савдо шартномаларини имзолар ва шу йўлда бир-бири билан урушга кириш эҳтимолини озайтириш ҳаракатига тушган эди. Ўшандан бери Иттифоқ “ягона бозор”га айланди. Бу мамлакатларнинг фуқаролари Иттифоқ бўйлаб гўё бир мамлакатда бўлгани каби эркин саёҳат қилишлари ва ишлашлари мумкин. Иттифоққа аъзо мамлакатлардан 19 таси битта пул бирлиги – Евродан фойдаланади.

Референдумда қандай савол бор?

"Буюк Британия Оврўпо Иттифоқи таркибида қолсинми ва ё Иттифоқдан чиқсинми?” Буюк Британияда ким Оврўпо Иттифоқидан чиқишни истайди? Британияликлар айни масалада қарийб элликка эллик бўлинган. Британия Мустақиллик партияси сўнгги Оврўпо Иттифоқи сайловларида ғолиб бўлганди. Британиядаги ўтган умумий сайловларда эса қарийб 13 фоиз овоз олди. Айнан шу партия Иттифоқдан чиқиш кампаниясининг яловбардоридир. Қудратдаги консерватив партиянинг парламент аъзоларидан қарийб ярми Оврўпо Иттифоқидан чиқиш тарафдоридир. Лейбористлар орасида ҳам Британияни Иттифоқдан чиқариш тарафдорлари бор.

Улар нима учун Буюк Британияни Оврўпо Иттифоқидан айиришни исташади?

Иттифоқдан чиқиш тарафдорларига кўра, ОИ Британиядаги бизнесларга турфа тўсиқ-қоидаларни яратади, ҳар йили миллиардлаб фунт аъзолик бадали тўлатади... Улар шунингдек, Британия ўз чегараларини тўла назорат этиши, мамлакатга ишлаш ва яшаш учун келаётганлар сонини озайтиришни исташади. Иттифоққа аъзоликнинг асос шартларидан бири “эркин ҳаракатланиш”дир.

Ким Оврўпо Иттифоқида қолишни истайди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Бош вазир Девид Камерон Британия ОИ таркибида бўлиши керак деб ҳисоблайди. Унинг ҳукуматидаги 16 мулозим ҳам Иттифоқда қолиш тарафдори. Консерватив партия референдум тарғиботида бетараф қолишини айтганди, аммо Лейбористлар, Либерал демократлар, Шотландия парламент ва Уэлс ассамблеяси Оврўпо Иттифоқида таркибида бўлиш тарафдори. Иттифоқда қолиш тарафдорларига кўра, Британия ўз маҳсулотларини Оврўпода эркин ва осон сотади, ёш ҳамда малакали муҳожирларнинг келиши эса иқтисод учун кони фойдадир. Уларга кўра, Британиянинг Иттифоқдан чиқиши унинг халқаро обрўсига ҳам зарар келтиради. Буюк Британия ёлғизликда эмас, балки 28 давлат билан Иттифоқда хавфсизроқдир, дейишади ОИ тарафдорлари.

  • Bi-bi-si O‘zbek xizmati bilan Whatsapp, Telegram va Viber orqali bog‘lanishni istasangiz, telefonimiz:+44 78-58-86-00-02
  • TELEGRAMDA ESA kanalimiz - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comga to‘siq bo‘lsa, uzbekweb.netga kiring.