Петербург кўприги Аҳмад Қодиров деб аталади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Birulik

Норозиликларга қарамасдан, Санкт-Петербург шаҳридаги Дудергофский канал устига қурилган кўприкка Чеченистон президенти Аҳмад Қодиров номи берилган.

Санкт-Петербург губернатори Георгий Полтавченко шу пайтгача номсиз бўлган кўприкни Аҳмад Қодиров номи билан аташ ҳақидаги қарорни имзолаган.

Бундан олдин кўприкни Аҳмад Қодиров номи билан аташ таклифи илгари сурилган, бироқ бу таклиф санкт-петербургликларга маъқул келмади.

30 май куни Петербург атамашунослик комиссияси қатор жамоат ташкилотларининг номсиз кўприкни Россия Қаҳрамони Аҳмад Қодиров номи билан номлаш ташаббусини қўллаб-қувватлагани ҳақида хабар тарқалди.

Аммо топонимик комссиясининг айрим аъзолари кўприкни шундай номлаш талаби ўзларига мансабдорлар томонидан босимлар бўлганини эълон қилдилар.

Интернетда Аҳмад Қодиров номидаги кўприкка қарши онлайн-петиция ташкил этилди.

Бу петицияни дастаклаб 76 мингдан ортиқ киши имзо чекди.

Шаҳар парламентига губернатор номига мурожаат билан чиқиш таклифи илгари сурилди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Бироқ Санкт-Петербург Қонунчилик мажлиси бу мурожаатни кўриб чиқишдан бош тортгани хабар қилинди.

Шаҳар ҳокими қарорини шарҳлар экан, губернатор матбуот котиби Андрей Кибитов Санкт-Петербург Россия қаҳрамони номини улуғлаётганини айтди.

"Санкт-Петербург - Россиянинг бир қисми, мамлакатнинг иккинчи шаҳри. Россия эса ўз қаҳрамонларини ёдда тутади ва шарафлайди. Бизнинг мамлакатимиз қаҳрамонларни миллатига қараб ажратмайди. Ҳеч қачон ажратмаган ва бундан кейин ҳам ажратмайди. Ҳар бир қаҳрамоннинг номи мамлакат шаҳарларида абадийлаштириш ҳуқуқига эга. Санкт-Петербург ҳам бу анъанани бузмайди, аксинча, Россия тарихи ва шахснинг тарихдаги ролига бўлган ҳурматини урғулайди", деб айтган Санкт-Петербург губернаторининг матбуот котиби Андрей Кибитов.

Аҳмад Қодиров 1951 йил Қозоғистоннинг Қарағанда шаҳрида туғилган.

У 1980 йилда Бухородаги Мир Араб мадрасасига ўқишга кирган.

1982 йилдан 1986 йилгача Тошкент Ислом университетида ўқиган.

Аҳмад Ҳожи Қодиров Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни ўзининг устози деб билган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

1994-96 йилларда бўлиб ўтган биринчи Чечен уруши йилларида Чеченистон муфтийси бўлган.

Бу пайтда у Россия ҳарбий кучларига қарши қўлига қурол олган жангарилар тарафида бўлган.

1999 йил августида иккинчи Чечен уруши бошланди.

Аҳмад Қодиров билан Чеченистоннинг ўша пайтдаги раҳбари Аслан Масхадов келишмай қоладилар ва Аҳмад Қодиров Россия федерал кучлари тарафига ўтади.

2000 йилдан 2003 йилгача Чеченистон Республикаси муваққат маъмурияти раҳбари бўлган.

2003 йили ўтказилган сайловда ғалаба қозонгани эълон қилинди ва Аҳмад Қодиров Чеченистоннинг биринчи президенти деб атала бошлади.

2004 йил 9 май куни Ғалаба байрами муносабати билан Грозний стадионида ташкил қилинган маросимда раҳбарларга қарши суиқасд уюштирилган.

Портлаш оқибатида Аҳмад Қодиров ҳалок бўлган, орадан бир неча йил ўтиб унинг ўғли Рамзан Чеченистон президенти лавозимини эгаллади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ