"Ассад кучларини ҳаво ҳужумларига тутиш керак"

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

АҚШ Давлат департаментининг 50 дан ортиқ ходими Президент Барак Обама маъмуриятининг Сурия борасида юритаётган сиёсатини кескин танқид қилиб ички меморандумни имзолаганлар, Президент Башар ал-Ассад кучларини ҳаво ҳужумларига тутишга чақирганлар.

Ушбу ҳужжатда нималар ёзилгани New York Times ва Wall Street Journal нашрларига маълум бўлган.

Жумладан, ички меморандумда Сурия ҳукуматини тинчлик музокаралари столига мажбурлаб ўтирғизиш, Башар ал-Ассаднинг кучлари оташкесим келишувини бузишига йўл қўймаслик мақсадида АҚШ Сурия ҳукумат кучларига қарши ҳарбий амалиётни бошлаши лозим, деб ёзилган.

Америкалик дипломатларнинг фикрича, агар АҚШ ҳаво ҳужумлари таҳдидини ҳис қилмаса, Президент Ассад исёнчилар билан жиддий музокараларга боришни истамайди.

АҚШ Давлат департаменти вакили шундай меморандум битилганини тасдиқлаган, лекин бу ҳужжатни шарҳлашдан бош тортган.

Таҳлилчилар фикрича, АҚШнинг Суриядаги ҳарбий амалиётларга жалб этилиши АҚШ ва Россия ҳарбий ҳаво кучлари қарама-қаршилигини ҳам англатади.

Чунки Президент Ассад кучлари Россия ҳаво ҳужумлари дастагида Сурия ҳукуматига мухолиф исёнчилар назоратидаги анча ҳудудларни ўзи назоратига киритишга муваффақ бўлди.

15 июнь куни АҚШ Давлат котиби Жон Керри Сурия ҳукумат кучларини Ҳалаб атрофида ҳужумларни давом эттираётганликда айблаб чиқди.

Суриянинг аксар ҳудудида жанглар камайган пайтда Ассад кучлари Ҳалаб атрофида фаолликни оширгани тинч фуқаролар ўлимлари ҳолатларини ҳам кўпайтирди.

Россия Сурияга бераётган ҳарбий ёрдамни назарда тутиб АҚШ Давлат котиби Жон Керри, "Россия АҚШнинг сабр-тоқати чексиз эмаслигини тушуниб етиши лозим", деб айтган.

Жон Керри баёнотидан кўп ўтмай Россия Мудофаа вазирлиги Ҳалабда 48 соатлик "сукунат режими" бошлангани ҳақида эълон қилди.

Бу мавзуда батафсилроқ