Guardian: безори футбол ишқибозлари Кремлга боғланган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Британия ҳукуматидаги ўз исми-шарифи ошкор этилишини истамаган расмий мулозимнинг айтишича, Франциядаги футбол бўйича Оврўпо чемпионатида инглизлар билан муштлашув ва тартибсизликларни келтириб чиқарган россиялик футбол ишқибозларининг аксари Россия куч тизимларига боғлиқ одамлар бўлганлар.

Британия ҳукуматидаги расмий бу ҳақда Лондонда нашр этиладиган Guardian рўзномасига айтган.

Guardian ёзишича, россиялик футбол ишқибозларининг Марсел ва Лиллда Англия терма жамоаси ишқибозларига уюштирган ҳужумлари аввалдан режалаштирилиб мувофиқлаштирилган бўлган.

Ҳамда бу ҳужумлар Россиянинг гибрид уруши таркибий қисми ҳисобланади, деган фикрга келганлар Британия ҳукуматидагилар.

"Ҳукуматдаги юқори лавозимли расмийлар хавотирича, Евро-2016 да россиялик безорилар бошлаган зўравонликларга Кремль томонидан санкция берилган ва ҳужумчиларнинг Владимир Путин режими билан боғлиқлиги тергов қилинаяпти”, деб ёзилган Guardian эълон қилган мақолада.

Британия ҳукумати аъзоларининг фикрича, Кремль ушбу йўл билан икки нарсага эришишни мақсад қилган: бири ўз кучини кўрсатиб қўйиш ва Россия аҳолисига бутун дунё Росияга қарши кайфиятда деган фикрни уқтириш.

Марсель шаҳридаги россиялик ва англиялик фубол ишқибозлари ўртасидаги тўқнашувлар Россия ва Англия жамоалари ўртасидаги ўйиндан олдин бошланган ва ўйиндан кейин оммавий шафқатсиз зўравонликларга айланиб кетди.

Франция прокуратурасига кўра,Марселдаги зўравонликлар учун асосий жавобгарлар 150 россиялик “яхши тайрланган” россиялик безорилардир.

18 июнь куни Франция россиялик футбол ишқибозларининг 20 нафарини депортация қилди.

Улар орасида Умумроссия ишқибозлари бирлашмасининг раҳбари Александр Шпригин ҳам бор эди.

Уч россиялик ишқибоз экани айтилган шахсга зўравонликлар учун 18 ойлик ва 1 йиллик қамоқ муддатлари тайинланди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ