Мексика: ўқитувчилар намойишида 6 киши ўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Мексика жанубида норозилик намойишига чиққан ўқитувчилар ва полиция ўртасида юз берган тўқнашувда олти киши ҳалок бўлди. Жароҳат олган 50 одам орасида кўплаб полициячилар ҳам бор.

Тартибсизликлар мамлакат жанубидаги Оахака штатида юзага келган. Ўтган ҳафта бу ерда CNTE, яъни таълим соҳаси ходимлари касаба уюшмасининг икки раҳбари коррупцияда айбланиб ҳибсга олинишлари ортидан намойишлар авж олган.

Ҳибсларга жавобан радикал кураш усуллари билан ном чиқарган касаба уюшмаси аъзолари йўлларни тўсиб қўйишди.

Ҳукумат даъво қилишича, полиция йўлларни намойишчилардан тозалашга уринганида, номаълум шахслар тўқнашувларни келтириб чиқариш учун икки томондан ҳам ўт очганлар.

Мексика миллий хавфсизлик комиссияси таъкидлашича, Ночитлан шаҳрига яқин ҳудудда олиб борилган бу амалиётда полицияда ўточар қуроллар бўлмаган.

Жума куни давлатга тегишли Pemex нефть компанияси агар Оахака штатини пойтахт билан боғловчи йўл очилмаса, маҳаллий нефтни қайта ишлаб чиқарувчи заводни ёпишга мажбур бўлишини айтган.

CNTE касаба уюшмаси 2013 йилда Президент Энрике Пенья таклиф қилган таълим ислоҳотларига қарши чиқиб келмоқда.

Таклиф қилинган ислоҳотларга биноан, ўқитувчилар аттестацияси янги қоидаларга биноан ўтказилади.

Касаба уюшмаси аъзолари ўз раҳбарларига қарши илгари сурилган айбловлар остида сиёсий сабаблар ётганига ишонадилар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.