НАТО қўмондони Россия кучларидан хавотирда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Оврўподаги АҚШ қўшинлари қўмондонининг айтишича, НАТО Россиядек шиддатли тарзда Шарқий Оврўпога йирик сонли қўшинларни жойлаштира олмайди.

Генерал-лейтенант Бен Ходжс НАТОнинг Польшадаги ҳарбий машқлари чоғида Би-би-сининг "Ҳард ток" кўрсатувига гапирди.

"Россия жуда тез суратларда узоқ масофаларга йирик қўшинлар ва кўплаб қурол-аслаҳаларни жойлаштиришга қодир", - деди у.

Унинг айтишича, НАТО ҳам шундай тезлик билан амал қилиши керак. "Биз ҳам уч кун муддат ичида шундай қилишга қодир бўлишимиз керак", - деди қўмондон.

НАТОнинг 7-17 июнда Польшада ўтган "Анаконда-16" машқларида 24 мамлакатдан келган 31 минг аскар қатнашди.

Машқлар тугашидан бир кун ўтиб Германия Ташқи ишлар вазири Франк-Уолтер Штайнмайер НАТОни "ўз кучини кўз-қўз" қилмасликка чақирди, ҳамда бу каби машқлар ўрнига Россия билан мулоқот ва ҳамкорлик қилишга ундади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

"Шарқий Оврўпо бўйлаб рамзий танк парадлари кимгадир хавфсизлик олиб келади деганлар муболаға қиладилар", - деди у Бильд газетасига.

Ҳозирда НАТО аъзолари бўлган собиқ Совет блоги мамлакатлари 2014 йил мартида Россиянинг тезлик билан Қримни Украинадан тортиб олганидан хавотирга тушгандилар.

Бу аннексия туфайли НАТО ва Россия ўртасидаги алоқалар 1991 йилда Совуқ уруш тугашидан бери энг ёмон даражага тушди.

Россиянинг 2008 йил августидаги қисқа урушдан сўнг Грузия ҳудудларини ишғол қилиши ҳам Россия зудлик билан ўзининг "томорқа"сига ҳарбий аралашишга тайёр эканини намоён қилганди.

Россия машқлари

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

НАТОнинг Россия борасидаги стратегияси келгуси ой Варшавада бўлиб ўтадиган НАТО саммитида муҳокама қилинади.

Қрим аннексияси ва Украина шарқидаги Россияпараст исёнчилар қўзғолонидан бери Россия Украина чегарасига яқин жойларда катта кўламли ҳарбий машқларни амалга оширди.

НАТО Россия қирувчи учоқларининг Болтиқбўйи ҳудудидаги тажовузкорона ҳаракатларидан шикоят ҳам қилган. Россия, ўз навбатида, ўз чегараси яқинида амал қилаётган НАТОни тажовузкор деб билади.

"Мени энг кўп хавотирга соладигани бу ҳаракат эркинлигидир. Улар (Россия) ҳар сафар тўсатдан машқларни бошлашганида, мен ҳайрон қоламан, шундай экан, бу нега мени қўрқитаётганини тушунган бўлсангиз керак", - деди Генерал Ходжс.

Унинг айтишича, 2007 йилдан бери Россия ўз қўшинларини ўз чегараларида "ҳар қандай амалиёт"ни бажаришга ўргатиб келяпти. Қўмондоннинг Би-би-сига айтишича, келажакда "жирканч кибер муҳити"ни жалб қиладиган "гибрид" уруш келиб чиқиши мумкин.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.