Умар Матин телефон сўзлашуви матни эълон қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

АҚШ Федерал Қидирув бюроси Орландодаги тунги клуб ичидаги 49 инсонни отиб ўлдирган Умар Матиннинг полицияга қўнғироқ қилганидан кейинги сўзлашуви матнининг айрим қисмини эълон қилган.

Ҳамжинсбозларнинг Pulse тунги клубига кириб келиб мижозларни отишни бошлаганидан ярим соатлар ўтиб Умар Матин полицияга қўнғироқ қилган ва одамларни ўлдиргани ҳақида маълум қилган.

У ўзини "Ислом аскари" деб атаган.

Федерал Қидирув бюросига кўра, полиция диспетчери билан 29 яшар Умар Матин икки марта сўзлашган.

Биринчи телефон сўзлашуви 50 сония давом этган.

Полиция: Орландо полицияси эшитади.

Матин: Умар Матин.

Полиция: Бу 911 қутқарув хизмати. Суҳбат ёзиб олинаяпти.

Матин: (Араб тилида) Бисмиллаҳи Раҳмони Раҳим.

Полиция: Нима?

Матин: (Араб тилида) Аллоҳга ҳамду санолар ва Унинг расулига салавоту саломлар бўлсин. (инглиз тилида) Хабар бераман: мен Орландодаман ва отган менман.

Полиция: Исмингз нима?

Матин: Менинг исмим... Мен "Исломий Давлатдан" Абу Бакр-Бағдодийга байъат бераман.

Полиция: Яхши, сизнинг исмингиз нима?

Матин: Мен Абу Бакр-Бағдодийга содиқликка қасамёд қиламан, (арабчада) Аллоҳ уни асрасин, (яна инглиз тилида) "Исломий Давлат" номидан.

Полиция: Яхши, сиз қаердасиз?

Матин: Орландода.

Полиция: Орландонинг қаерида?

[Суҳбат шу ерда тугаган]Ушбу қўнғироқдан кейин Умар Матин билан Орландо полицияси инқироз марказидан музокара гуруҳи вакиллари 3 марта суҳбатлашишади.

Бу музокаралар чоғи у ўзини "Ислом аскари" деб атайди.

Федерал Қидирув бюроси вакили айтишича, Умар Матин "совуқ, хотиржам, ҳар бир сўзларини ўйлаб кўрган оҳангда" гапирган.

Федерал Қидирув бюроси сўзчиси сўзларига кўра, отишма ортида бирор террорчилик ташкилоти турганининг исботи топилгани йўқ ва Умар Матин ўша ерда, АҚШнинг ўзида радикаллашган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Дастлаб Умар Матин сўзлашувининг таҳрир қилинган матнини эълон қилганлар.

Бу матнда ўзини "Исломий Давлат" деб атайдиган гуруҳ раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодийнинг исмини "кесиб ташланган".

Бироқ танқидлар кўпайиб кетганидан кейин телефон сўзлашиувининг тўла версияси экани айтилаётган матнни матбуотда эълон этишга қарор қилинган.

АҚШ Конгресси вакиллари палатаси спикери Пол Райан Умар Матин сўзлашувининг таҳрир қилинган матнини мантиқдан узоқ, кулгили, деб таърифлаган.

Нега Орландо 911 хизматига қўнғироқ матни таҳрир қилинди?

20 июнь куни АҚШ Адлия департаменти нега матнни таҳрир қилишга қарор этганлари сабабини тушунтириб баёнот эълон қилган.

Баёнотда айтилишича, бу билан қотилга "нафрат пропагандаси" учун минбар беришни хоҳламаганлар, бироқ афсуски бу матн ҳаддан зиёд кўп эътиборни ўзига жалб қилган.

Музокарачилар билан телефон сўзлашувларида Умар Матин, "Америкага айтинг, Ироқ ва Сурияни бомбалашни тўхтатсин", "мана нима учун мен шу онда шу ердаман", деб айтган.

Сал кейинроқ ёнида "Францияда ишлатилганига ўхшаш" шаҳидлик белбоғи борлиги айтган.

Тонгги соат 4:21 да полиция Pulse тунги клубининг кийиниш хонасидаги деразадан кондиционерни суғуриб олган ва у ерда яшириниб турганларнинг қочиб чиқишига йўл очган.

Тирик қолганлардан айримларининг полицияга айтишича, Умар Матин 15 дақиқанинг ичида тўрт худкушлик бомбаси ўрнатилган белбоғни тўрт кишига боғлатишини айтган.

Бироқ ҳеч жойдан бундай белбоғ топилмаган.

Тонгги соат 5:00 лар атрофида махсус кучлар бўлинмаси бино ичкарисига бостириб кирган ва отишмада Умар Матин ўлдирилган.

Полиция айтишича, уч соатлик музокаралар пайти ичкаридан бирор марта ўт очилмаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ