"Россия Сурияда кассетали бомба қўллаяпти"

Фото муаллифлик ҳуқуқи RT

Россиянинг RT телеканали видеолавҳасидан Суриядаги бомбардимончи учоқдаги кассетали бомба кадрлари олиб ташлангани Москванинг кассетали бомбаларни ташлаётганини яшириш ҳаракати деб баҳоланди.

Аммо кўп ўтмай RT қирқиб ташланган кадрларини яна жойига қўйиб қўйди.

Телеканал Суриядаги Россия ҳарбий ҳаво кучларига бағишланган лавҳасидан 5 сониялик авиабомбалар акс этган кадрларни қирқиб ташлаб монтаж қилганини тан олган.

RTга кўра, кассетали бомбалар кўрсатилган кадрлар ўша ерда кўринган россиялик ҳарбий учувчининг хавфсизлигини ўйлаб "кесиб ташланган".

Мухбирлар RT телеканалининг Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгунинг Суриянинг Ҳмеймим авиабазасига ташрифига бағишланган видеосюжети бир кеча-кундуз давомида икки марта таҳрир қилинганига эътибор қаратадилар.

Дастлаб кассетали бомбалар кўринган кадрлар RTнинг YouTubeдаги каналида 18 июнь куни эълон қилинган.

Бу видеода РБК-500 ЗАБ-2,5СМ деб номланган Россиянинг кассетали бомбалари ҳарбий учоқ қаноти остига бириктирилганини кўриш мумкин.

Twitterда ўзини хавфсизлик, мудофаа, ноқонуний қурол-яроғ савдоси бўйича таҳлилчи деб тақдим қилган Green lemon ушбу видеокадрга эътибор қаратди, бунинг ортидан эса Россия телеканали ўз видеосюжетини қирқиб ташлади.

Россиянинг Сурия ва Украинадаги ҳарбий иштироки юзасидан фуқаролик текширувларини олиб борадиган Conflict Intelligence Team (CIT) гуруҳи хабар қилишича, на YouTubeдаги видео ўзгартиришсиз қолган.

20 июнь куни дастлабки видео яна қайта эълон қилинган.

Би-би-си билан суҳбатда RT телеканалидан айтишларича, 5 сониялик лаҳза қирқиб ташлангани сабаби кассетали бомбани яшириш эмас, учувчи кўриниб қолгани учун бўлган.

"Телеканалда видеони цензура қилиш истаги ҳеч қачон бўлмаган. Қайта баҳолаб чиқилганидан кейин кадрларда ҳеч қандай хатар йўқлиги маълум бўлди ва видео дастлабки версиясида қайта тикланди", деб айтишган RT телеканали вакиллари.

Россияни Сурияда кассетали бомбаларни қўллаётганликда бир неча марта айблаганлар.

Бу ҳақда Amnesty International инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг 2015 йил декабрида эълон қилинган ҳисоботида ҳам айтилган.

Россия Мудофаа вазирлиги Сурияда кассетали бомбаларни ташлаётганини рад этиб келади.

Кассетали бомбалардан фойдаланишни тақиқлашни кўзда тутган халқаро конвенция 2010 йили кучга кирган.

Бу конвенцияга 119 мамлакат қўшилган, аммо кассетали бомбаларнинг энг йирик ишлаб чиқарувчилари бўлган АҚШ, Россия ва Хитой ва бу ҳужжатни имзоламаганлар.

Би-би-сининг ҳарбий шарҳловчиси Жонатан Маркус тушунтиришича, кассетали бомба ичида гранатага ўхшаш кичик ўлдирувчи бомбалар бўлади.

Ҳаводан улоқтирилганидан сўнг бу бомбалар катта ҳудудга сочилиб кетади, ҳарбий нишон билан тинч аҳолини ажратиш имконсизга айланади.

Бу бомбаларнинг ҳаммаси ҳам портламай қолади ва узоқ йиллар давомида тинч фуқаролар, айниқса, болалар ҳаёти учун хавфли эканича қолади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.