Бобурийлар сулоласидан бўлган ҳофиз отиб ўлдирилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Amjad Sabri

Покистоннинг энг таниқли хонандаларидан бири Амжад Сабри Карачи шаҳрида отиб ўлдирилди.

Полицияга кўра, икки қуролланган шахс Сабри кетаётган машинага қарата ўт очганлар.

Қотиллик ортида ким турганлиги ҳозирча номаълум.

Амжад Сабри сўфий қўшиқчилиги - Қаввалий услубида ижод қилувчи етакчи хонандалардан эди.

Покистонда миллионлаб тақводорлар сўфийликка амал қиладилар, аммо охирги йилларда сунний ақидапарастлари уларни таъқиб қила бошлаганлар.

Ўтмишда бу каби ҳужумларда сўфийликни бидъат деб биладиган Толибларни айблашарди.

Лекин Би-би-сининг Исломободдаги мухбирига кўра, охирги 2 йил мобайнида Толиблар бу каби ҳужумларга қўл урмагандилар.

Мухбирга кўра, ушбу ҳужумдан Покистон ларзага тушди.

Ҳужумчиларни топиб, жазога тортиш даъватлари билан бирга мамлакатда исломий жангарилик тугатилмаганлиги юзасидан норозиликлар янграмоқда.

Карачи шаҳри 3 йилдан бери алоҳида ҳарбий назорат остида, лекин шунга қарамай жангарилар истаган вақтлари ҳужум қила олишларини намоён этмоқдалар.

Аҳмад Сабрининг аждодлари тарихи 17 асрда Ҳиндистондаги Бобурийлар сулоласига бориб тақалади.

Унинг оиласи сўфийликнинг Собирия мазҳаби издошларидир. Улар 1947 йили Покистон Ҳиндистондан ажраб чиққан вақти Карачига кўчиб келганлар.

1970-80 йиллари Амжаднинг отаси етакчилик қилган Қаввалий гуруҳи ўта машҳур эди.

Амжад эса Қавволий йўлидаги қўшиқчилиги билан бир қаторда ҳинд ва Покистон филмлари учун ҳам куйлаган.

Ўтган йили у қўшиқларидан бирида Пайғамбар Муҳаммад (САВ) оиласи аъзоларини тилга олгани учун унга қарши шаккокликда айбловлар илгари сурилганди.

Лекин унга қарши ҳужум бу айблов билан боғлиқлигига доир далиллар йўқ.

Покистон Бош вазири Навоз Шариф марҳумнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдириб, ҳужумни қоралаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.