Британия ОИда қолиш-қолмаслик референдумида овоз бермоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Овоз бериш ҳудудлари эрталаб 7 дан кечқурун 10 гача ишлайди

Британияда мамлакатнинг Оврўпо Иттифоқи таркибида қолиш-қолмаслик юзасидан референдумда овоз бериш жараёни бошланган.

Овоз бериш ҳудудлари эрталаб соат 7.00 дан (Тошкент вақти билан 11.00) очилган ва кечқурун 10 гача ишлайди.

Бу Бирлашган Қиролликнинг бутун тарихи давомидаги учинчи референдумдир.

Умумхалқ овоз бериши арафасидаги қизғин мунозараларда ОИ таркибидан чиқиш тарафдорлари Vote Leave ("Чиқиш учун овоз бер"), қаршилар эса Remain ("Қолиш") кампаниялари атрофида бирлашишди.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ушбу референдумда экзит-полл ёки овоз бериш шаҳобчалари эшигида сўров ўтказилмайди.

Ниҳоий натижа 24 июн эрталаб 7 да маълум бўлиши керак.

Референдумда иштирок этиш учун 46,5 миллион сайловчи рўйхатдан ўтган, бу Британия тарихидаги энг рекорд рақамдир.

Британиянинг келажаги

Овоз берувчилар сайлов варақасидаги иккита саволдан биттасига чизиқ тортишлари керак бўлади: "Бирлашган Қироллик Оврўпо Иттифоқида қолиши керакми?" ёки "Бирлашган Қироллик Оврўпо Иттифоқидан чиқиши керакми?"

Натижа аксарият кўпчилик овозга қараб белгиланади.

Image caption Референдум Бош вазир Кэмероннинг сайловолди ваъдаси эди

Британиянинг келажагини белгилаш учун бу саволлардан биттаси 50 плюс бир фоиз овоз олиши керак.

Би-би-сининг сиёсий шарҳловчиси Лора Кунсбергнинг айтишича, натижа қандай бўлишидан қатъий назар, референдум арафасидаги мунозаралар Британиянинг сиёсий манзарасини бутунлай ўзгартириб юборган.

Би-би-сининг иқтисодий таҳлилчиси Саймун Фалушга кўра, референдумдан кейинги тонг Лондоннинг молиявий маркази бўлган Сити тарихидаги энг фаол кунлардан бири бўлиши кутилмоқда.

Чунки британиялик сайловчиларнинг қарорига қараб, фунт-стерлинг кескин кўтарилиши ёки тушиб кетиши мумкин.

Сўнгги ойларда сиёсий мавҳумлик боис фунт-стерлинг доллар ва еврога нисбатан анча қийматини йўқотган.

Нега референдум ўтказилмоқда?

Британиянинг ОИдаги келажаги юзасидан референдум ўтказиш иқтидордаги консерваторлар партиясининг 2015 йилдаги сайловолди ваъдаси эди.

Бош вазир Дэвид Кэмерон бу каби референдум ўтказиш ҳақида 2013 йилдаёқ эълон қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи
Image caption Натижалар жума куни эрталаб соат 7 да маълум бўлади

Чиқса нима бўлади?

Сайловчилар ОИ дан чиқиш учун овоз берганлари тақдирда, Британия яна икки йил давомида Иттифоқ таркибида қолади.

Бу муддат ичида Лондон Брюсселни расман ўз қароридан хабардор қилиши керак.

Бунинг ортидан икки йилдан кўпроққа чўзиладиган музокаралар жараёни бошланади.

Би-би-си қандай ёритмоқда?

Британиядаги оммавий ахборот воситалари фаолиятини тартибга солувчи қонунларга мувофиқ, Би-би-си сайлов ҳудудлари ёпилгунича референдум натижаларига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган биронта ҳам маълумотни эълон қилолмайди.

Фақат овоз бериш жараёнининг қандай кечаётгани ҳақида хабар бериш мумкин, холос.

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA
Image caption референдум натижаларига қараб, фунт-стерлинг кескин кўтарилиши ёки тушиб кетиши мумкин

Сайлов ҳудудлари ёпилгунича у ёки бу ҳудудда қандай натижалар кутилаётган ҳақида хабар бериш Британияда жиноят ҳисобланади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.