Рио-2016: Ўзбекистон бир ўриндан маҳрум бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Халқаро оғир атлетика Федерацияси (IWF) Рио-де-Жанейродаги Олимпиада ўйинларига борадиган Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоасини бир ўриндан маҳрум этган.

Рейтер хабар агентлигининг IWFга иқтибосан хабар беришича, бунга бир неча допинг текширувларининг ижобий натижа бергани сабаб бўлган.

Бу ҳақдаги қарор IWF ижроия кенгашининг Тбилисида ўтаётган мажлисида қабул қилинган.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасидан Би-би-сига билдиришларича, IWF нинг бу ҳақдаги расмий билдириши хали қўмитага етиб келмаган.

"Халқаро оғир атлетика федерациясининг якуний хулосасини кутамиз. Ундан кейин бирон муносабат билдирамиз", - деб айтди Ўзбекистон МОҚ матбуот хизмати вакили.

Фото муаллифлик ҳуқуқи upmonitor.ru
Image caption Луиза Галиулина допинг боис 2012 Лондон ўйинларидан четлатилганди

Бундан аввал 2012 йилдаги Лондон Олимпиадасида ўзбекистонлик спорт гимнастикачиси Луиза Галиулина допинг сабаб ўйинлардан четлатилганди.

Галиулинанинг пешобидан фуроцемид топилгани айтилган.

Допингга мутлақо тоқат қилмаслигини айтган IWF ҳозиргача допинг синовидан ўтолмаган жамоалардан 11 ўринни олиб қўйган.

Уларнинг иккитаси Россия ва Қозоғистондан, қолганлари эса Озарбайжон, Шимолий Корея, Молдова ҳамда Беларус миллий терма жамоаларидан экани билдирилган.

IWF нинг допинг синовида ҳозирга қадар энг ёмон натижаларни қайд этган жамоа Қозоғистон миллий терма жамоасидир.

Жаҳоннинг энг етакчи штангачиси ҳисобланган Иля Ильин допинг боис Пекин ва Лондон Олимпиадаларида қўлга киритган олтин медалларидан маҳрум қилиниши кутилмоқда.

Шунингдек, 2012 йилда медалларни қўлга киритган қозоғистонлик яна уч нафар аёл спортчи ҳам допинг синовидан ўтолмаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.