Бош вазир Дэвид Кэмерон истеъфоси ҳақида эълон қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Британиядаги референдумда аксарият мамлакатининг Оврўпо Иттифоқидан чиқишини маъқуллаб овоз бергани ортидан Бош вазир Дэвид Кэмерон лавозимидан кетишга қарор қилганини эълон этди.

Жаноб Кэмерон Британиянинг ОИ таркибида қолиш кампаниясининг фаол иштирокчиси бўлди.

Аммо 23 июнь референдумида қарийб 52 фоиз британиялик Британиянинг Оврўпо Иттифоқидан чиқиши учун овоз берганлари маълум бўлди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

24 июнь куни эрталаб Даунинг Стритда баёнот берган Бош вазир Дэвид Кэмерон сўзларига кўра, энди Британияга янги раҳбарлар керак.

Бош вазир Кэмерон уч ойдан кейин лавозимини тарк этишини маълум қилди.

Октябрь ойидаги Консерватив партиянинг навбатдаги қурултойида янги бош вазир бўлиши лозим, деб айтган жаноб Кэмерон.

"Мамлакатимизни бошқа манзилга элтадиган кеманинг капитани бўлиш мен учун тўғри қарор бўлади деб ўйламайман", деб айтган Дэвид Кэмерон.

Унинг сўзларига кўра, янги бош вазир Британияни Оврўпо Иттифоқидан олиб чиқиш жараёнини бошлаши лозим бўлади.

Айни пайтда ОИ раҳбарияти Британияни иттифоқдан олиб чиқиш жараёнини чўзмаслик таклифи билан ўз баёнотини эълон қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Баёнот Оврўпо Кенгаши раҳбари Доналд Туск, Оврўпо Парламенти Президенти Мартин Шулц, айни пайтда ОИга раислик қилаётган Нидерландия Бош вазири Марк Рютте ва Оврўпо Комиссияси раҳбари Жан Клод Юнкерлар томонидан имзоланган.

"Эркин ички овоз беришда Британия фуқаролари Оврўпо Иттифоқини тарк этиш истагини изҳор этдилар. Биз бундай қарордан афсусдамиз, лекин уни ҳурмат қиламиз. Биз умид қиламизки, Бирлашган Қироллик британияликларнинг қарорини, ушбу жараён нақадар оғриқли эканига қарамасдан, тезроқ ҳаётга татбиқ этади", дейилади иттифоқ раҳбарияти баёнотида.

Раҳбарлар фикрича, жараённинг ортга сурилиши янада кўпроқ ноаниқликка олиб келади.

Оврўпо Иттифоқи Британия учун бирор бир ён босишга бориш масаласини муҳокама этишга тайёр эмаслиги таъкидланган.

"Биз умид қиламизки, (Британия) келажакда Оврўпо Иттифоқининг яқин шериги бўлиб қолади", дейилади баёнотда.

Аҳолисининг аксари Оврўпо Иттифоқида қолиш учун овоз берган Шотландия Биринчи вазири Никола Cтўржен айтишича, Шотландиянинг мустақиллиги борасидаги иккинчи референдумни ўтказишдан ўзга чоралари қолмаган.

Биринчи референдум Шотландияда 2014 йили ўтказилган ва овоз берганларнинг 50 фоизидан ортиғи Британия таркибида қолишни ёқлаб овоз берган эди.

Стўржен хоним сўзларига кўра, референдум Шотландия учун Оврўпо Иттифоқи ва ягона бозор таркибида қолишнинг энг яхши йўлидир.

Британияда ҳам иккинчи референдумни ташиллаштириш талаби билан онлайн-петицияни имзолаш кампанияси бошланган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ