Британиядаги референдумда ОИдан чиқиш тарафдорлари ғалаба қозонди

23 июндаги референдум овозларини ҳисоблаб чиқиш якунига яқинлашаркан, Британиянинг Оврўпо Иттифоқидан чиқишини ёқлаганлар кўпчиликни ташкил этгани маълум бўлди.

Британияликларнинг 48 фоизи мамлакатининг Оврўпо Иттифоқи таркибида қолиши учун овоз берганлар.

Иттифоқни тарк этиш – "Брексит" тарафдорлари 52 фоизни ташкил этди.

Референдум натижаси қонуний деб топилиши учун 50 фоиз плюс 1 овоз талаб қилинган эди.

Овоз бериш натижаларини Би-би-си тун бўйи тўғридан-тўғри эълон қилиб борди.

Референдумда 30 миллиондан ортиқ киши иштирок этган.

Бу овоз бериш ҳуқуқига эга фуқароларнинг Британиядаги сайловда 1982 йилдан буён қатнашган энг кўп фоизи - 72 ни ташкил қилган.

Лондон, Шотландия ва Шимолий Ирландияда аксарият иттифоқ таркибида қолишни ёқлаб чиққан.

Бироқ Англиянинг бошқа ҳудудлари ва Уэльсдаги кўпчилик “Брексит” кампанияси тарафдори бўлганлар.

Овоз берганларнинг ёши таҳлил қилинганда, ёши 18 дан 24 гача бўлганлар ОИ таркибида қолиш учун овоз берганлар.

Ёши 50 ва ундан катталарнинг аксари эса "Брексит"ни дастаклаганлари маълум бўлган.

Бирлашган Қироллик Мустақиллик партияси - UKIP етакчиси Найжел Фараж сўзларига кўра, референдум мамлакат учун "мустақиллик куни" бўлди.

Оврўпо Иттифоқидан чиқишга қарши бўлганлар эса референдум натижаларини фалокат деб таърифламоқдалар.

Социолог Жон Кертис фикрича, "бу Лондон ва университет шаҳарларининг қишлоқ ва саноат Англиясига ютқазиб қўйган референдуми бўлди".

"Бу космополит либерал Британия иммиграциядан чуқур хавотирланаётган консерваторларга ютқазган реферундум бўлди", деб айтган социолог.

Референдум натижалари Британия пул бирлиги – фунт стерлинг қийматини 1985 йилдан буёнги энг қуйи даражага тушириб юборган.

Британиядаги референдум натижаларини Оврўподаги аксар сиёсатчилар ғамгинлик билан қарши олганлар.

Бироқ Оврўподаги ўнг қанот сиёсатчилар бундан мамнун ва улар ўз мамлакатларида ҳам Оврўпо Иттифоқидан чиқиш мақсади кўзланган референдум ўтказилиши лозимлигини айтмоқдалар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

2015 йилги Британиядаги парламент сайлови олдидан қудратдаги Консерватив партия Оврўпо Иттифоқидан чиқиш борасида референдум ташкиллаштириш ваъдасини берган эди.

Иттифоқ таркибида қолиш ва чиқиш тарафдорлари баҳсидаги асосий масала муҳожирлар мавзуси бўлди.

"Брексит" тарафдорларига кўра, Оврўпо Иттифоқига аъзо мамлакатлардан келаётган муҳожирлар Британияда ишламасдан туриб ижтимоий нафақа олмоқдалар ва мамлакат иқтисодига зарар етказмоқдалар.

Бош вазир Дэвид Кэмерон Оврўпо Иттифоқи билан муҳожирларга бериладиган нафақаларни қисқартириш борасида келишувга эришганини эълон қилди ва бу муаммо ҳал этилганини айтди.

Чиқиш тарафдорлари эса бу чоралар иттифоқдан Британияга келадиган муҳожирлар оқимини камайтирмайди, деб туришди.

"Брексит"нинг асосий яловбардори бўлган Лондоннинг собиқ ҳокими Борис Жонсон ва бошқа сафдошлари Британиянинг "Оврўпо Қўшма Штатлари"га "сингиб" кетаётгани мамлакатлари учун фойдали бўлмаётганини уқтириб келдилар.

Бош вазир Дэвид Кэмерон эса Оврўпо Иттифоқи Британиянинг бошқа интеграция ҳаракатларига қўшилмаслигига рози бўлганини айтди.

Энди нима бўлади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA

Британия ҳали камида 2 йил Оврўпо Иттифоқи таркибида қолади.

Иттифоқ конституциясига биноан, Британия ОИдан чиқиш ҳақида Брюсселга расман мурожаат қилиши лозим.

Расман хабардор этилганидан музокаралар жараёни бошланиши кўзда тутилган.

Бу жараён ҳам икки йилча давом этиши мумкин.

Британия иттифоқдан чиқадиган бўлса, ОИ қонунларини Британиянинг ўзининг қонунларига алмаштириш, шу билан бирга янги савдо шартномаларини тузиш жараёнини бошлаш талаб этилади.

Бу музокаралар қанча вақтни олади, ҳеч ким билмайди.

24 июнь куни эрталаб Бош вазир Дэвид Кэмерон ўз истеъофси ҳақидаги баёнот билан чиқди.

У уч ойдан кейин ўз лавозимидан кетишга ваъда берган.

Октябрь ойидаги Консерватив партия қурултойида мамлакатнинг янги бош вазири бўлиши керак, деб айтган Дэвид Кэмерон.

BBC O‘zbek xizmati bilan Whatsapp, Telegram va Viber orqali bog‘lanishni istasangiz, telefonimiz:+44 78-58-86-00-02
  • TELEGRAMDA ESA kanalimiz - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comga to‘siq bo‘lsa, uzbekweb.netga kiring.

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ