1 миллион петициячи: қайта референдум ўтказинг!

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Британиянинг Оврўпо Иттифоқига аъзолиги борасида қайта референдум ўтказиш талаби илгари сурилган петицияга 25 июнь куни тушгача 1 миллиондан ортиқ киши имзо чеккан.

Петицияга қўшилганларнинг сони шиддат билан кўпайди ва атиги бир-икки соат ичида 1 миллион 500 мингдан ошди.

Британия парламенти веб-сайтида эълон қилинган петицияда нега қайта референдум ўтказиш лозим деган қарорга келганлари тушунтирилади.

Онлайн-петиция муаллифларига кўра, овоз берганларнинг фоизи жами овоз бериш ҳуқуқига эга шахсларнинг 75 фоизидан кам бўлса ва “ҳа” ёки “йўқ” деб овоз берганларнинг умумий фоизи 60 фоиздан камни ташкил қилган бўлса, такрорий референдум ташкиллаштирилиши лозим.

Британия қонунчилигига биноан, мамлакат парламенти имзолаганларнинг сони 100 мингдан ортган ҳар қандай петицияни кўриб чиқиши шарт.

Ҳукуматдан эса 10000 дан ортиқ имзони жамлаган петицияга жавоб қайтариш талаб қилинади.

Change.org сайтида Лондон ҳокими Содиқ Хонга мурожаат қилиб имзо тўплаш бошланган петицияга ҳам 100 мингдан ортиқ киши қўшилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Улар Содиқ Хондан Лондонни Британиядан мустақил шаҳар деб эълон қилишни сўрамоқдалар.

Петициячилар фикрича, ана ўшанда Лондоннинг ўзи Оврўпо Иттифоқига аъзо бўлиб кира олади.

23 июнь куни Буюк Британияда мамлакатнинг ОИга аъзолигига бағишланган референдум бўлиб ўтди.

24 июнь тонгида эълон қилинган референдум натижаларига кўра, иштирокчиларнинг 52 фоизи Британиянинг Оврўпо Иттифоқидан чиқишини ёқлаб овоз берган.

Британияликларни ОИ таркибида қолишга даъват қилиб келган Бош вазир Дэвид Кэмерон ўз лавозимидан уч ой ичида кетишини эълон қилди.

Бу хабарлар жаҳон бозорларида талотўпга олиб келди.

Британия пул бирлиги - фунт стерлингнинг қиймати тушиб кетди.

Кўплаб экспертларнинг фикрича, референдум натижаси Британияда инқироз юзага келиши ва Оврўпо Иттифоқи иқтисодида жиддий пасайишга етаклайди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ