Британияга ОИдан қандай чиқиши тушунтирилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Дэвид Кэмерон октябр ойида истеъфога чиқишини эълон қилган

Оврўпо Иттифоқи Буюк Британияга Иттифоқдан чиқиш бўйича расмий музокаралар жараёнини қандай бошлашини тушунтирган.

Брюсселга кўра, Британия Иттифоқдан чиқиш процедураси баён қилинган Лиссабон шартномасининг 50-моддасига биноан, ёзма ёки оғзаки тарзда ОИни чиқиш қароридан хабардор қилади.

Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон октябр ойида истеъфога чиқишини айтган, шу тариқа у ўзининг меросхўрига ОИ билан музокаралар олиб бориш учун имконият яратиб беради.

Пайшанба кунги референдумдан буён Британия қачон ва қандай шаклда ОИ дан чиқиб кетади, деган мавзуда турли фаразлар айтилаётганди.

ОИнинг сиёсий йўналиши ва устувор вазифаларини белгиловчи идораси - Оврўпо Кенгаши сўзчиси 50-моддани ишга солиш расмий қадам экани ва бу "Британия ҳукумати тарафидан амалга оширилиши керак"лигини айтган.

Бу икки йил мобайнида ОИ дан чиқиш бўйича барча расмий музокаралар ниҳоясига етказилиши керак.

Музокаралар давом этаркан, Британия ОИ доирасидаги барча қонун ва мажбуриятларга амал қилишда давом этади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Ангела Меркел шошилишга ҳожат йўқлигини айтган

Оврўпо Иттифоқининг ташқи ишлар вазирлари Британияни Иттифоқдан чиқиш жараёнини чўзиб ўтирмасликка чақиришган.

Айни пайтда Олмония Канцлери Ангела Меркел Британияни шоширишнинг кераги йўқлиги, аммо жараён жуда чўзилиб ҳам кетмаслиги кераклигини айтган.

У Британия билан музокараларни "объектив ва яхши бир муҳитда, уйғун бир шаклда" олиб бориш кераклигини таъкидлаган.

23 июн кунги референдумда британияликларнинг 52 фоизи мамлакатнинг Оврўпо Иттифоқидан чиқишини ёқлаб овоз берган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA
Image caption Британиялик ёшлар "кекса авлод"ни ўзларига хиёнат қилганликда айблашмоқда

Референдум натижалари қизғин тортишилмоқда.

Британиялик ёшлар "кекса авлод"ни ўзларига хиёнат қилганликда айблашган.

Қайта референдум ўтказиш талаби илгари сурилган петицияга имзо қўйганлар сони 2 миллиондан ошган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ