Россиянинг янги аксилтеррор қонуни ифторликни тақиқлайдими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Россия парламентининг юқори палатаси - Федерация Кенгаши муҳокамаси пайти "Яровая қонуни" деб машҳурлашган аксилтеррор қонунини маъқуллаган.

Энди бу қонунни Президент Путин имзолаши талаб қилинади.

Парламент қуйи палатаси - Давлат Думасининг депутати Ирина Яровая ва сенатор Виктор Озеров ташаббуси билан ишлаб чиқилган қонун лойиҳасини Россия сенаторларининг 151 нафари маъқуллаб овоз берган.

Бу ўзгаришлар кучга кириши билан Россиянинг Жиноят Кодекси, Маъмурий Жавобгарлик Кодекси ва қатор қонунларида чоралар қаттиқлашади.

Хусусан, терроризмда айбланган, хорижий мамлакат армиясида хизмат қилган инсонларни Россия фуқаролигидан маҳрум этиш осонлашади.

Терроризм, экстремизм бандларида айбланган ёки тақиқланган ташкилотларга алоқаси бор деб кўрилган инсонларнинг мамлакат ҳудудига кириши, ҳаракатланишини чеклаш учун масъул идораларга кўпроқ ваколат берилади.

Бу ўзгаришлар мессенжерлар орқали юборилган хат-хабарларни очиб ўқиш, хотирада сақлаб қолиш мажбуриятини мобил алоқа ширкатлари, Интернет провайдерларига юклайди.

Қонунда ёзилишича, мессенжерлар орқали юборилган матнлар 6 ойгача, Интернет орқали юборилган маълумотлар эса 3 йилгача сақланиши шарт.

Кучишлатар тизимлари хоҳлаган пайтида бу маълумотларни очиб ўқишга имконли бўлишади.

Жиноят Кодексига янги икки банд қўшилган: улар "Жиноят ҳақида хабар бермаслик", "халқаро терроризм амали" деган бандлар.

Россиянинг диний эркинликка бағишланган қонунига "миссионерлик фаолияти" деб номланган янги боб киритилган.

Бундан кейин масжиддан ташқаридаги ёки Интернетдаги диний тарғибот ҳам миссионерлик фаолияти деб тушунилади.

Агар диний маросим бўлмаётган бўлса, аҳоли яшаш жойларида миссионерлик фаолиятини юритиш тақиқлнади.

Миссионерлардан рухсат берувчи ҳужжатга эга бўлиш талаб этилади.

Ушбу тартибларни бузган кишига 1 миллион рублгача жарима, хорижий миссионерга кўпроқ жазо чораси қўлланиши мумкин.

Бир кун олдин Татаристоннинг собиқ президенти Минтемир Шаймиев Федерация Кенгашидаги татаристонлик сенаторларни "Яровая қонуни"ни маъқулламасликка чақирди.

Минтемир Шаймиев диндорлардан кўплаб саволлар келиб тушганини, қонунда кўплаб чалкаш жойлар борлигини айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

"Бу қонун шошма-шошарлик билан қабул қилинган. Бу ҳақда аллақачон жамиятда гапиришмоқда," деб айтган Татаристоннинг собиқ президенти.

У, хусусан, махсус мўлжалланмаган жойда миссионерлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқланади, деган бандга норозилик билдирган.

"Унда уйда ифторликни қандай ўтказиш керак? Ёки никоҳ ўқиш учун ёки марҳум вафотидан 40 кун ўтиб унинг дуои-фотиҳасига меҳмонларни чақиришучун нима қилиш керак?", деб айтган Минтемир Шаймиев.

Лекин қонун лойиҳаси 24 июнь куни Госдума тарафидан, 29 июнь куни Федерация Кенгаши томонидан маъқулланди.

Президент Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков, аксилтеррор қонунларни имзолаб кучга киргизишдан олдин жамиятда бу ўзгаришлар борасида билдирилган танқидий фикрлар инобатга олинади, деб айтган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ