Суриядаги ҳарбий база ИШИД қўлидан тортиб олинган

АҚШ дастаклаган исёнчилар гуруҳи Суриянинг Ироқ билан чегарасидаги Ҳамдан ҳарбий базасини "Исломий Давлат" қўлидан тортиб олгани ҳақида хабар тарқатган.

Ўзини "Янги Сурия Армияси"- ЯСА деб атаётган гуруҳ тарқатган баёнотда айтилишича, ИШИДнинг 2014 йилдан буён назоратида бўлган қатор мавқеъларини босиб олганлар, Албу Камал шаҳри томон илгариламоқдалар.

Бундан олдин Ҳамдан ҳарбий аэропорти Сурия ҳукуматига тегишли бўлган.

Ҳарбий база Суриянинг Ироқ билан чегарасидан атиги бир неча километр ичкарида, Дейр ал-Зуур вилоятининг Албу Камал шаҳридан 5 километр узоқликда жойлашган.

"Янги Сурия Армияси"нинг бир неча юз исёнчиси 28 июнь куни ИШИДнинг Ҳамдан базаси ичкарисидаги жангариларига қарши ҳужумни бошлаган.

Исёнчиларни АҚШ етакчилигидаги ҳарбий коалиция ҳаво ҳужумлари билан қўллаб-қувватлаган.

Шунингдек, "Янги Сурия Армияси" ўз ҳаракатларини чегаранинг нариги томонидан Ироқ ҳукумат қўшинлари билан мувофиқлаштиргани хабар қилинмоқда.

Ироқ ҳукумат қўшинлари ҳам "Исломий Давлат" қўлидан Ироқ ҳудудларини тортиб олиб шу жойга яқинлашиб келаётгани айтилмоқда.

Сўнгги ҳужумдан кўзланган мақсад, ИШИДнинг Сурия ва Ироқдаги назорати остидаги ҳудудларни бир-бири билан боғлаб турган асосий йўлни қирқиб ташлаш бўлган.

Қаророгоҳи Лондонда жойлашган Сурия Инсон ҳуқуқларини кузатиш маркази тарқатган хабарларга кўра, 29 июнь куни Албу Камал шаҳри атрофидаги деҳқончилик майдонларида ИШИД билан "Янги Сурия Армияси" жангарилари ўртасидаги жанглар ҳамон давом этган.

"Исломий Давлат" жангарилари устига ҳарбий учоқлар бомбалар ташлаган.

ЯСА исёнчилари шаҳарга яқинлашиб келар экан, ИШИД Албу Камал ичида 5 ёш йигитнинг бошини танасидан жудо қилган, бу йигитларни ЯСАга жосуслик қилишда айблаганлар.

Албу Камал шаҳри ичидан олинаётган хабарларга кўра, ИШИДчилар бутун шаҳар бўйлаб электр таъминоти ва алоқани узиб қўйганлар.

Кўп жойларда хандақлар қазишган.

"Янги Сурия Армияси"га 2015 йил бошида асос солинган.

Бу гуруҳ Президент Ассадга қарши курашаётган турли исёнчи гуруҳлар аъзоларидан таркиб топган.

Бу гуруҳларни ИШИД 2014 йил июнида ўз халифалигини эълон қилиш билан Сурия шарқидан сиқиб чиқарган эди.

ЯСА жангчиларини АҚШ Иорданиядаги ҳарбий жамлоқларда тайёргарликдан ўтказди.

Гуруҳ бундан олдинроқ Ироқ ва Сурия чегарасидаги Ал-Танф шаҳрини "Исломий Давлат"дан тортиб олган эди.

ИШИД Сурия шимолида ҳам АҚШ дастаклаган Курд ва Араб жангчилари иттифоқи ҳужумларига дуч келмоқда.

Шимолдаги Манбиж шаҳри ҳам ҳозир ўраб олинган ҳамда у ердаги ИШИДчиларнинг Туркия чегараси ва "Исломий Давлат"нинг пойтахти ҳисобланган Раққа шаҳрига йўллари бекитиб қўйилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ