Рамзан Қодиров реалити-шоу орқали ёрдамчисини танлайди

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

"Россия 1" телеканали "Команда"(Жамоа) реалити-шоусини эфирга узатиши кутилмоқда. Унда Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировга муносиб ёрдамчи танлаб олиш режалаштирилган.

Телеканал сайтида кўрсатувнинг анонси ва трейлери ҳам пайдо бўлган.

Айни пайтда Россия каналининг "Прямой эфир"- "Жонли эфир" кўрсатуви шу янги реалити-шоуга бағишланган.

"Команда" лойиҳасининг ўз сайти ҳам очилган. Хоҳловчилар ундаги анкетани тўлдириб, реалити шоуда иштирок этишлари мумкин.

Номзодлар, жумладан, Қодировга қандай фойдали бўлишлари ҳақидаги саволга жавоб беришлари керак.

Лойиҳага биноан, иштирокчилар Чеченистон ҳудудида синовдан ўтадилар ва турли топшириқларни бажарадилар.

"Сиз тоғларга чиқасиз, кўл бўйига тушасиз, ўрмонлар оралаб юрасиз ва Чеченистоннинг кўплаб таниқли дам олиш масканларига ташриф буюрасиз. Чечен меҳмондўстлиги ва чечен тўйи қандай эканлигига гувоҳ бўласиз. Чечен аёллари қандай қилиб дастурхон безатишлари ва анъаналарга риоя қилинишини кўрасиз..." дейилади лойиҳа ҳақида.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Номзодлар қанчалик муваффақиятга эришганларини шахсан Рамзан Қодировнинг ўзи ҳакамлар ҳайъати билан бирга баҳолайди.

Ғолиб мукофот ўрнида Қодиров жамоаси сафидан доимий ўрин эгаллайди ва Чеченистон Республикаси стратегик тараққиёт агентлигини бошқаради, деб хабар беради Россия телеканалининг "Вести" кўрсатувида.

Қодиров айни пайтда Чеченистон раҳбари вазифасини ижро этувчи лавозимда. Шу йилнинг сентябр ойида Чеченистонда республика президентлиги учун сайловлар бўлиб ўтади.

"Команда" шоусига ўхшаш лойиҳада АҚШ президентлигига номзод Дональд Трамп ҳам қатнашган. "Кандидат"(Номзод) шоуси давомида Трамп ўз ширкати ходимларини танлаб олган эди.

Жаноб Қодировга Чеченистонда бир неча йил давом этган уруш ва вайронагарчиликлардан сўнг мамлакатга барқарорликни таъминлаган шахс нисбати берилади.

Бироқ танқидчилари у ва унинг тарафдорларини қотиллик, қийноқлар дохил қатор жиноят ва қонунбузарликларда айблашади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Шу йил бошида у Instagramдаги саҳифасида мухолифатчи Михаил Касяновни нишонга олаётгани акс этган сурат учун танқидларга тутилганди.

Рамзан Қодиров кўнгилочар томошаларда янги шахс эмас. Бундан аввалроқ Чеченистонга кўплаб хорижлик юлдузлар, жумладан актёрлар Жан Клод Ван Дамм ва Стивен Сигал, таниқли боксчи Майкл Тайсон ташриф буюришган.

Жаноб Қодиров Россияда машҳур шахслардан. Бунга қўшимча, янги реалити шоу унинг шуҳратини янада ошириш ва республикаси учун намуна қилиб кўрсатишга хизмат қилиши бу аниқ, дейди журналист Рогозин.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар