Ироқ мотам тутмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Пойтахт Бағдодда якшанба куни юз берган ва камида 165 кишининг умрига зомин бўлган йирик портлаш ортидан Ироқ ҳукумати уч кунлик мотам эълон қилган.

Бу йил ҳисобидан Ироқда юз берган энг қонлиси, деб айтилаётган ҳодисада 150 га яқин киши яраланган.

Портлаш ал-Каррада туманида, одамлар Рамазон Ҳайити учун савдо-сотиқ қилиб юрган пайтларида юз берган.

Портловчи моддалар жойлаштирилган музлатгичли машина харидорлар билан гавжум ал-Ҳадий савдо маркази яқинида портлатилган.

Қутқарувчиларга кўра, портлашда бутунбошли оилалар қурбон бўлишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Аксарият қурбонлар таниб бўлмас даражада куйиб кетишган.

Сўнгги ҳодисага ҳам масъулиятни Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи ўз зиммасига олган.

Ироқ Бош вазири Ҳайдар ал-Абадий якшанба куни портлаш сатҳига сафар қилган.

Аммо Бош вазирни ғазабнок оломон қарши олган. Унинг карвонини тошбўрон қилган.

Бунинг ортидан унинг идораси одамларнинг ҳолатини тушуниб турганликларини айтиб, уч кунлик мотам эълон қилиб чиққан.

Бош вазир Ҳайдар ал-Абадий лоқайдлик қилган хавфсизлик зобитларининг жазоланишига ваъда берган.

Бундан буёғига бомба ҳужумларининг олдини олиш учун маҳаллий аҳоли орасидан кўнгиллилар жалб қилиниши ҳақида ҳам айтган.

Қутқарув ходимлари туни билан сатҳни тозалаб, бинолар ичкарисидан одамларнинг куйиб кетган жасадларини ахтариб чиқишган.

Энг қонли ҳужум

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Якшанбага ўтар кечаси юз берган портлаш жорий йил ҳисобидан Ироқдаги энг қонлиси бўлгани айтилмоқда.

Устига устак, Ироқ кучлари Фаллужани ИШИДдан қайтариб олишганидан ҳафта ўтиб кузатилмоқда.

Ал-Каррада туманидаги ҳужум ортидан, Бағдод шимолида яна бир портлаш юз берган, камида беш киши қурбон бўлган.

Бу ерда ҳам ал-Каррадада бўлгани каби асосан шиа мусулмонлари истиқомат қилишган.

Ироқлик масъулларнинг айтишларича, барча жасадларни чиқариб олишлари осон бўлмайди ва бунинг учун кунлар керак бўлиши мумкин.

Оқ Уй Ироққа ўз ҳамдардлигини изҳор этиб чиққан, Бирлашган Миллатларнинг Ироқдаги вакили Ян Кубиш эса, ҳужумларни кескин қоралаган.

Якшанба куни кечга яқин Ироқ Бош вазири бутун мамлакат бўйлаб хавфсизлик чоралари янада кучайтирилишини эълон қилган.

Шунингдек, жаноб ал-Абадий Бағдод ва бошқа вилоятларга киришда автоуловларни яхшироқ текширишга имкон берувчи махсус тизимлар ўрнатилишига ҳам буйруқ берган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ