'Британиянинг ОИдан чиқиши хавотири бўрттирилмоқда'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Лондон собиқ ҳокими, Британиянинг ОИдан чиқиши учун кампаниясининг етакчиларидан бири Борис Жонсон ҳукуматни сайловчиларга "брексит" мамлакат учун фойдали бўлишини тушунтирмаётганликда айблади.

Daily Telegraph нашридаги мақоласида жаноб Жонсон буни зудликда Консерватив партия раҳбари ва янги бош вазирни сайлашни кутиб ўтирмасдан қилиш зарурлигини айтади.

Жонсоннинг сўзларига кўра, референдум натижаси аҳолининг маълум қисми орасига "юқумли ваҳима"ни олиб келди.

Борис Жонсоннинг ўтган ҳафта ўз номзодини бош вазирликка қўймасликни эълон қилганидан бери бу каби биринчи чиқишидир.

Ўз мақоласида Борис Жонсон "брексит"га қаршилар Британия келажагини қандай тасвирлаётганлари "юқумли ғам чекиш"га олиб келганини 1997 йилда малика Диана ўлими пайти мамлакатни эгаллаган кайфиятга қиёслайди.

Унинг айтишича, "брексит"га қарши курашаётганларнинг хавотири ҳаддан ташқари бўрттирилган.

"Кўпчилик башорат қилганидек фонд биржалари тушиб кетмади", дейди у. -Ҳукумат фавқулодда янги бюджет қабул қилмади ва бундай қилмайди".

Борис Жонсон ҳукуматни Оврўпо Иттифоқидан чиқишнинг асосий масалалари бўйича аниқ мурожаат билан чиқишга чақирмоқда.

Лондон собиқ ҳокими шунингдек, мамлакат ОИ қонуний тизимидан ажралар экан, эркин савдо бўйича шартнома тузиш тўғрисида фикрларини билдирган.

Бош вазир маъмурияти олдинроқ моляи бозорини тинчлаштириш учун барча чоралар кўрилишини билдириб, тузилган махсус бўлим Британиянинг ОИдан чиқишини ишлаб чиқаётганини маълум қилганди.

Борис Жонсон Дэвид Камерон истеъфо бергач, Консерватив партия раҳбарлиги ва Бош вазирликка энг асосий номзодлардан бири деб кўрилаётган эди. Бироқ у 30 июнда зарур бирдамликни таъминлашга имконсиз эканини айтиб, номзодини қўймаслигини айтди.

Консерватив партия раҳбарлигига номзодлар

Ички Ишлар вазири 59 ёшли Тереза Мэй букмекерлар рўйхатида етакчи бўлиб турибди. У 2010 йилдан бери Ички Ишлар вазири ҳисобланади. Ички Ишлар вазирлиги сиёсатчилар карьераси учун хавфли ҳисобланади. Илгари у Консерватив партия раиси бўлган. Тереза Мэй мамлакат тараққиёти учун кучли раҳбар бўлишга ваъда бермоқда. Референдумдан олдин у Британиянинг ОИдан чиқишига қарши чиққанди.

Молия вазири Майкл Гов. 48 ёшли собиқ журналист партиянинг модернизациялаш жараёнида фаол қатнашган, 2010 йил ториларнинг ҳокимиятга келишига хизмати катта бўлган. 2010 ва 2014 йил у Маориф вазири лавозимини эгаллаган, қарама-қарши фикрларни уйғотган маориф тизимида ислоҳотлар ўтқазган. Жаноб Гов Британиянинг ОИдан чиқиш кампанияси етакчиларидан бўлиб, бу Девид Камерон билан эски қадрдонлигига соя солган. Гов "бирлик ва ўзгаришлар"ни таъминлашини айтмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA

Меҳнат ва нафақа вазири 43 ёшли Стивен Крабб. У 2014 йил Уэлс масалалари бўйича вазир, шу йил бошида Меҳнат вазири бўлган. Крабб Консерватив партиянинг чиқиб келаётган юлдузларидан саналади. У партия ва мамлакатни бирлаштириш, барқарорликни таъминлашга ваъда бермоқда. У камбағал оиладан чиққан, уни ёлғиз онаси тарбия қилган. Крабб брекситга қарши чиққан.

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA

Энергетика вазири 53 ёшли Андреа Лидсоме. У собиқ банкир. "Брексит" кампанияси юлдузларидан. 2010 йил парламентга сайланган, молия вазири ўринбосари лавозимини эгаллаган.

Собиқ мудофаа вазири Лиам Фокс. Муқаддам оилавий шифокор бўлган. У ўз номзодини иккинчи бор илгари сурмоқда. 2005 йилда у учинчи ўринни олган. 2011 йил лавозимидан кетган. У "брексит"ни ёқлаган ва ҳар бир раҳбар халқ қарорини қабул қилиши кераклиги, ОИдан чиқишни ўзгартирмаслигини айтади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ