Мусулмонни мусулмонга қўл кўтаришга нима ундайди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ироқ пойтахтидаги бомба ҳужуми Рамазон ойида рўй берган яна бир қонли ҳодиса бўлди.

2007 йилдан бери мамлакатдаги энг даҳшатли ҳужум, дея айтилган бу ҳодисада 165 киши ҳалок бўлган.

Қурбонларнинг аксари Рамазон ҳайити арафасида бозор-ўчар қилаётган инсонлар эди.

Бундан бир неча кун аввал эса Истанбулнинг Отатурк аэропортидаги ҳужумда 42 киши ҳалок этилганди. Уларнинг ҳам аксари мусулмонлар эди.

Ироқдаги ҳужумда масъулиятни ўзини Ислом ва Шом исломий давлати (ИШИД) дея атовчи гуруҳ ўз бўйнига олди.

Истанбулдаги ҳужум учун бу гуруҳ масъулиятни даъво қилмаган бўлса ҳам, расмийлар шунга ишора этдилар.

Ўзининг асосий мақсадини исломий халифаликни барпо этиш, дея билувчи гуруҳ айнан мусулмонларга қарши ҳужумларни амалга оширишга ўз аъзоларини қандай ишонтиради?

Қандай ғоявий асосларни келтиради?

Британиянинг Экзетер Университетида ИШИД ғоялари бўйича тадқиқот олиб борувчи Эдвард Лемоннинг айтишича, албатта бу саволга аниқ жавоб топиш қийин.

"Чунки худкуш ҳужумчиларнинг ҳаёти нима билан тугашини биз биламиз. Ҳатто улар бу амалга не қадар онгли равишда киришганларини ҳам айтиш қийин. Лекин уларга бу "жаннатга кириш йўлларидан бири" эканлигини уқтиришлари аён. Яъни бу муқаддас бир амал эканлигига ишонтирилади. Мен бу жараённи "тортиш ва итариш" тактикаси, деб атаган бўлардим. Яъни уларни турли ғоялар билан шуурларини ўзларига тортишга ҳаракат қиладилар ва керак бўлган вақтда жонлироқ "итариш" тактикасини қўллайдилар. Ўтган йил охирида қирғизистонлик бир ўсмирнинг ҳужум арафасида саросимага тушиб йиғлаганини кўрган бўлсангиз керак. Уни "ҳайбаракаллачилик" билан барибир ҳужумга итарадилар. Бу менимча, менинг шу тахминларимга далил".

Фото муаллифлик ҳуқуқи is

Бу каби ҳужумлар Ғарбдаги нишон ва инсонларга қаратилганида бунга ИШИД келтирувчи “ғоявий важ-корсон”ни кўриш қийин эмасдек.

Эдвард Лемоннинг айтишича, ИШИДнинг Ислом талқини ўта тор доирага солинган,шунинг учун бошқа мазҳаб, ёки ҳатто бир мазҳабда бўла туриб уларнинг қатъий талқинига мос равишда тақводор бўлмаганларни мусулмон эмас дея тақдим этишади.

Унга кўра, ИШИД "Ал-Қоида"га нисбатан ҳам анчайин кўпроқ "охират" ва унинг арафасидаги кураш борасида гапирилади.

"Худкуш ҳужумчи руҳиятини тушуниш учун мана шуни назарда тутиш керак. Чунки уларга "охират" яқинлашгани, шунинг учун "нариги дунё ҳақида тезроқ қайғуриш керак"лиги уқтирилади".

Бу каби ғояларга содда ва ишонувчан, таълим даражаси паст бўлганларни ишонтириш осондир. Лекин ҳам диний ва ҳам дунёвий ўқуви деярли мукаммал бўлганлар қандай қилиб бу ғояларга ишонадилар?

Эдвурд Лемонга кўра, бирон шахсни ташқи дунё ва яқинларидан "иҳоталаб", у ўсиб-улғайган муҳит "ноисломий" экани, унга айтилган ва ўқитилган нарсаларга ишониши керакмаслиги ҳақида тинмай "руҳий тарғибот" ўтказилган вақти бу каби натижага эришиш мумкин бўлади.

"ИШИД идеологияси охират яқинлиги ва шунинг учун жаҳонни иложи борича тезроқ "тозалаш"га ҳаракат қилиниши кераклиги ҳақидаги ғояларга тўладир. Шунинг учун "Ҳалифалик" чегараларини кенгайтириш ва улар наздида "мусулмон бўлмаган" ҳудудларга ҳужумни кучайтириш "муқаддас вазифа" деб тақдим қилинади", деди Эдвард лемон.

"Қотиллик салбий эмас, ижобий амал сифатида таърифланади. Бировни ўлдириш бу жаҳонни "тозалаш" амалига “айланади”. Шунинг учун ИШИД қўллаётган зўравонликлар кўлами ва даражасини биз ҳатто Ал-Қоида каби ташкилотда ҳам кўрмаганмиз”.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ