"Брексит лидерлари кемани ташлаб қочаяптилар"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Оврўпо Комиссияси раиси Жан-Клод Юнкер Британияда Оврўпо Иттифоқидан чиқиш кампаниясига етакчилик қилган сиёсатчиларнинг ўзларини тутишларини танқид қилди.

Лондон шаҳрининг собиқ ҳокими Борис Жонсон ҳамда Британия Мустақил Партияси UKIP раҳбари Найжел Фаражнинг истеъфоларини чўкаётган кемани ташлаб қочишга қиёслаган Оврўпо Комиссияси раиси.

Британияда 23 июн куни Оврўпо Иттифоқи таркибида қолиш ёки чиқиш масаласида референдум ўтказилди.

Бош вазир Дэвид Кэмерон, мухолифатдаги Лейбористлар партиясининг лидери Жереми Корбин ва мамлакатнинг қатор кўзга кўринган сиёсатчилари, бизнесменлари ва йирик ширкатлари ОИ таркибида қолишга чақирдилар ва шу мақсадда тарғибот юритдилар.

Қудратдаги Консерватив партия намояндалари Борис Жонсон, Адлия вазири вазири Майкл Гов, UKIP етакчиси Найжел Фараж ва бошқалар Британиянинг Оврўпо Иттифоқидан чиқиши - Брексит афзаллиги ҳақида гапирдилар, иттифоқ таркибида бўлгани учун Британияга бутун Оврўподан муҳожирлар келиб, ишламаса ҳам нафақа талаб қилаётганлари, Оврўпо Иттифоқи бюджетига Британия қўшиб турган маблағ мамлакатнинг ўзида қолса, ҳар ҳафтада бир шифохона қуриш мумкин, деб айтдилар.

Етакчи иқтисодчилар, давлат статистика идоралари Брексит кампанияси лидерларининг баёнотлари ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтдилар, иттифоқ таркибидан чиқиш Британия иқтисодиётига зарар келтиришидан огоҳлантирдилар.

23 июн кунги референдумда 52 фоиз иштирокчи Брексит учун, 48 фоиз эса Британиянинг ОИ таркибида қолиши учун овоз берганлари эълон қилинди.

Референдум натижаси эълон қилиниши билан Бош вазир Дэвид Кэмерон уч ой ичида ўз лавозимини тарк этишини маълум қилди, Британиянинг ОИдан чиқиши билан боғлиқ жараённи ўзидан кейинги бош вазир бошлаши лозимлигини айтди.

Орадан кўп ўтмай, Брексит лидерларидан бири бўлган Борис Жонсон ўз номзодини бош вазирликка илгари сурмаслиги ҳақида баёнот билан чиқди.

4 июл куни эса UKIP етакчиси Найжел Фараж партия раҳбарлигидан истеъфо берди, ўзининг мақсадига етганини айтди.

Британиянинг ОИдан чиқиш қарори Оврўпо Парламентининг аксар аъзоларини ғазаблантирди.

Оврўпо Парламентида сўзлар экан, Оврўпо Комиссияси раиси Жан-Клод Юнкер, "кечаги Брексит қаҳрамонлари бугун аҳволи вой қаҳрамонларга айландилар", деган.

"Ватанпарварлар аҳвол оғирлашганда истеъфога чиқмайдилар, улар туриб берадилар", деб айтган у.

Брексит кампаниясидагилар Британияни олиб чиқишнинг расмий жараёнини бошлаш ўрнига нега кутиб туришна афзал кўришаётгани сабабини тушунмаяпман, деган Жан-Клод Юнкер.

"Режани ишлаб чиқишнинг ўрнига улар кемани тарк этаяптилар", деб айтган Оврўпо Комиссияси раиси.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар