Туркия портлашларида Россия изи: ҳақиқат ва тўқима

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Мустақил Dogan ахборот агентлигига кўра, сешанба куни Туркия ҳукумати 45 инсоннинг ўлимига сабаб бўлган Истанбул аэропортидаги портлашларда гумонланган 11 россияликни вақтинчалик ҳибсда қолдирган.

Би-би-сининг Истанбулдаги манбаларининг айтишича, ҳибсдагилар орасида уч россиялик борлиги аниқ.

Сешанба куни яна 17 киши ушланган. Улрнинг ҳаммасига "қуролли террористик ташкилотга аъзолик" айблови илгари сурилган.

Шу тариқа портлашга алоқадорлик билан ҳибсга олинганларнинг сони 30 тага етган.

Яна бир нечта россиялик Истанбул, Анталия, Измир ва бошқа шаҳарларда ўтказилган амалиётларда қўлга олинган. Аммо мусулмон фаолларининг таъкидлашларича, ҳибсдагиларнинг кўпчилиги портлашларга алоқаси йўқ.

"Мамлакатнинг асосий ҳаво дарвозаси олдида бу каби ҳодисанинг содир этилишини бартараф эта олмаган Туркия хавфсизлик кучларининг хатосини, сусткашлигини қандайдир қилиб хаспўшлаш керак, дейди ҳуқуқ ҳимоячиси Салмон Север Би-би-сига.

Ҳибсга олинганлар ҳақида нима маълум?

Би-би-сига айтишларича, Истанбулдаги портлашлардан сўнг, шаҳардаги келиб чиқиши россиялик бўлган мусулмонлар яшайдиган жойга хавфсизлик хизмати ходимлари келишган.

Портлашнинг эртаси куни уфалик муҳожир Тоҳир Минибаев ушлаб кетилган. У Россияда тақиқланган "Ҳизб ут-Таҳрир" гуруҳининг аъзоси ҳисобланади.

Россиялик бир қанча таҳлилчилар мусулмонларнинг радикаллашишига хизмат қилишда айбласаларда, Ҳизб ут Таҳрир гуруҳи ИДнинг ҳаракатларини бир неча бор қоралаб чиққан.

Минибаев Россиядаги хавфсизлик хизматлари таъқибидан қочиб, бир неча йил олдин Туркияга оиласи билан кўчиб келган. Дўстларининг айтишича, энди уни Россияга экстрадиция қилишлари мумкин.

Истанбул аэропорти яқинида яна икки россиялик, тахмин қилинишича, икки доғистонлик ҳибс қилинган.

Қўлга олинган 13 кишининг аксарияти туркияликлар.

Истанбулдаги доғистонликлар жамоаси юртдошларининг қўлга олинганини тасдиқлаган, бироқ уларнинг сони аниқ эмаслигини айтишган. "Туркиядаги муҳожирлар кўпчилик. Улар ҳар доим ҳам бир бири билан муносабати бўлмаслиги тайин. ИШИДчилар ичида эса турли миллий белгига қараб ажратилмайди. Бу ғоя тарафдорлари кўпинча алоҳида гуруҳ. Шу боисдан мўътадил диний қарашдаги жамоа аъзолари радикал оқимга алоқадор юртдошларидан хабарсиз бўлишлари мумкин", деб айтади Туркияда яшовчи шимолий қовқозлик Сосланбек Исаев.

Полициянинг ва маҳкаманинг олиб бораётган фаолияти тўғрисида маълумот камлиги боис, вазият ҳам ноаниқ.

Туркия аэропортидаги портлашлардан сўнг фожеани ёритиш бўйича вақтинчалик, бироқ қаттиқ чекловлар киритилган. Натижада, журналистлар кўпинча аноним манбаъларга таяниб хабар тарқатишларига тўғри келмоқда.

Қўлга олиш нимага асосланган?

Туркияда ҳукумат босимлари остида ватанини тарк этган кўплаб россияликлар яшашади. Россияда уларга қарши экстремизм ва Суриядаги жанговор ҳаракатларда қатнашганлик бўйича жиноий ишлар қўзғатилган. Кўпчилик мусулмонлар бу айбловлар сиёсийлигини таъкидлайдилар. Улар Туркияда ҳам хавфсиз яшамаётганликларини айтишади.

Жиноий ишлар бўйича икки томонлама ҳамкорлик келишувига биноан, Туркияда доимий тарзда диндор россияликлар ушланиб, ватанига депортация қилиб келинади.

"Қўлга олиш сабаби номаълум. Кўпинча ИШИДга умуман алоқаси бўлмаган, Эрдўғон сиёсатини қувватлаб келадиган мусулмонлар ҳам ушланади, дейди "Ислом овози" сайтининг муҳаррири Дмитрий Черноморенко Би-би-сига.

"Бу ерда хулоса қилиш ҳам мушкул. Ҳибслар турк хавфсизлик хизмати томонидан уюштирилганми ёки Россия ФХХ томонидан юборилган сўров биланми, тушуниб бўлмайди", деб қайд этади у.

Ўтган ҳафта Туркия ҳукумати Истанбулдаги ҳужумда иштирок этганлар "Россия, Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари" бўлганини билдирганди. Оммавий ахборот воситалари россиялик, асли шимолий қовқозлик бўлганини ёзган, бироқ бу ҳозирча тасдиқланмаган.

Кеча, чоршанба куни Туркия Президенти Эрдўғон қўлга олинганлар Россия, Қирғиз ва Тожикистон фуқароси эканини маълум қилди.

Қирғизистон ва Тожикистон Ташқи Ишлар вазирликлари бу хабар орқасидан текширув ўтказаётганларини маълум қилишган.

Анқарадаги Қирғизистон консуллигига кўра, Истанбул аэропортида ўзини портлатган шахс ҳақиқатдан ҳам Қирғизистон фуқароси бўлган ёки йўқлиги уларга ҳозирча номаълум.

"Балки унда сохта паспорт бўлган бўлиши мумкин, буни текширяпмиз", деб айтган консуллик вакили Айимхан Кулукеева.

Туркия қуролли кучлари бош қароргоҳи маълумотларига кўра, 2015 йилда 913 киши ИШИД сафига киришга уринишда айбланиб қўлга олинган. Уларнинг 99 таси, яъни ҳар ўнтаси россиялик эканини айтган. Уларнинг барчаси Россияга топширилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.