Венесуэлалик аёллар овқат истаб Колумбияга киришди

Фото муаллифлик ҳуқуқи GETTY IMAGES

Венесуэлалик 500 нафар аёл Колумбияда озиқ-овқат топиш илинжида қўшни давлатнинг чегарасини кесиб ўтишган.

Аёлларнинг айтишларича, уларнинг оилалари Венесуэлада озиқ-овқат ва зарур эҳтиёж молларининг кескин тақчиллигидан жабр чекишмоқда.

Бу ҳодиса Венесуэла ғарбидаги Колумбия билан чегарадош Тачира штатида юз берган.

Аёллар ўзаро бирлашишни WhatsApp мобил иловаси орқали келишиб олганлар. Уларнинг ҳаммаси оқ кийимларни кийиб Венесуэланинг Урена шаҳрини Колумбиянинг Кукута шаҳри билан боғловчи кўпригига тўпланишган.

Сўнгра аёллар биргаликда чегарани ёриб ўтганлар, бир неча соатдан сўнг эса Венесуэла мадҳиясини баралла куйлаган ҳолда ортга қайтганлар.

Улар Колумбиядан гуруч, шакар, ун, ўсимлик ёғи ва бошқа эҳтиёж молларини олиб келишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Венесуэлада ҳозир оғир иқтисодий инқироз ҳукм сурмоқда. Унга қисман нефть нархларининг тушиб кетиши сабаб бўлган.

Мамлакат озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар ва бошқа маҳсулотлар импортига таяниб қолган.

Венесуэлада деярли 70% кичик дўконлар ёпилиши билан маҳсулотлар тақчиллиги юзага келган, 15 минг одам эса ишсиз қолган.

Дефицит маҳсулотлар пайдо бўлган тақдирда дўконлар олдида узундан-узун навбатлар юзага келмоқда, баъзи ҳолларда эса талон-тарожлик ҳоллари келиб чиқяпти.

Мухолифат инқирозни келтириб чиқаришда Президент Николас Мадуро ва ундан олдинги раҳбар Уго Чавеснинг иқтисодий сиёсатини айблашади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.