Тони Блейр: 'Хатоларга қарамай, Ироқ уруши тўғри қарор бўлганди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Тони Блейрга кўра, агар у Ироққа бостириб кириш ҳақидаги қарорини олмаганида бугун дунё "энг ёмон жой" бўлган бўларди.

Британия собиқ бош вазирининг Би-би-сига айтишича, "даҳшатли оқибатлари"га қарамай, Саддам Ҳусайннинг ағдарилиши минтақа учун бефойда бўлмаган.

"Кеча айтганимдек, йўл қўйилган хатолар учун масъулиятни қабул қиламан. Лекин, икки нарсага эътибор қаратишга ундайман. Биринчидан, дунё Саддамсиз яхшироқдир. Ва бу жараён не қадар мураккаб ва қийин бўлишига қарамай, ҳануз тўғри қилинган иш, деб ўйлайман. Иккинчидан, чиқарилажак хулосаларга келсак, келгусида Америка билан бирон иш қилишда қандай йўл тутишимиз кераклиги ҳақидадир..." дейди Тони Блейр.

Айни пайтда жаноб Блейр агар ўша пайтда ўзи олган жосуслик маълумотларини савол остига олиб кўрганида яхшироқ бўлган бўлишини қўшимча қилган.

"Менга тақдим қилинган маълумотлар ва таҳлилларга ишонгандим. Албатта, уларни савол остига олинрса яхшироқ бўларди".

2003 йилги Ироқ уруши юзасидан ўтказилган текширув хулосасида Блейр ҳукумати танқид остига олинган.

Узоқ кутилган ҳисоботда собиқ бош вазир Тони Блейр Саддам Ҳусайн солиши мумкин бўлган таҳдидни бўрттирган ва "аниқ огоҳлантиришлар"га қарамай, урушнинг Ироқ ва минтақага қандай таъсир қилиши мумкинлигини тўғри баҳолай олмагани айтилди.

Етти йил давом этган текширувнинг хулосаси - Чилкот ҳисоботи чоршанба куни чоп этилди.

Би-би-сининг "Today" (Бугун) дастурига гапирган Тони Блейр 2001 йил Бушга йўллаган мактубидаги ваъдасини ҳимоя қилган. Чилкот ҳисоботида келтирилишича, ўша пайтдаги Америка президенти Жорж Бушга мактубида Блейр "нима бўлмасин, сиз биланман", деб айтган.

Собиқ бош вазир хатоларга қарамай, АҚШ етакчилигидаги урушда иштироки тўғри қарор бўлганини таъкидлаган.

Ўз ўрнида у АҚШ президенти Жорж Буш Саддам Ҳусайнни ағдаришига ёрдам бериш учун Буюк Британияни махфий бир шаклда бу урушга қўшгани ва бу ғояни британ оммаси ҳамда парламент аъзоларига сотиш учун Саддам Ҳусайннинг оммавий қирғин қуроллари солаётган таҳдидни бўрттиргани ҳақидаги даъволарга кескин қарши жавоб берган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ