Далласда полициячиларни мерганлар нишонга олганлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

АҚШда икки қора танли инсоннинг полиция томонидан ўлдирилиши мамлакат бўйлаб яна норозиликларни келтириб чиқарди, расмийларга кўра, Далласдаги норозилик полиция ходимларини снайперлар томонидан нишонга олиниши ва ундан кейинги отишмаларга айланиб кетган.

7 июлдан 8 июлга ўтар тунида Даллас шаҳрида мерганларнинг полициячиларга қарата ўт очиши оқибатида 5 полиция ходими ҳалок бўлган, 6 нафари яраланган.

Полициячиларни отишда гумон қилиниб уч киши ҳибсга олинган.

Даллас полицияси раҳбари Дэвид Браун сўзларига кўра, снайперлар полициячиларни отиб ўлдиришга келишиб олиб иш тутганлар.

Полицияга кўра, Даллас шаҳрида ўтаётган норозилик намойиши хавфсизлигини таъминлаш учун жалб этилган полициячилар нишонга олинганлар.

Даллас ва бошқа жойлардаги норозиликлар полициячиларнинг зўравонлигига қарши ташкиллаштирилди.

Бунга икки қора танли инсоннинг АҚШнинг икки штатида полиция ходимлари томонидан отиб ўлдирилгани тасвирга олинган видеоларнинг Интернетда тарқалиб кетгани сабаб бўлди.

Биринчи видео Луизиана штатида 5 июл куни тасвирга олинган.

Батон-Руж шаҳридаги видеода икки оқ танли полициячи ерда ётган қора танлига қарата ўқ узгани ва бунинг оқибатида у ўлгани тасвирланган.

Иккинчи видео 7 июл тунида тарқалиб кетди.

Миннесота штатида рўй берган ҳодисада Филандо Кастиле автомобилда ўтириб, чўнтагидан ҳужжатларини олиш учун қўлини туширган пайти полициячи ўқ узган.

Филандо Кастиленинг ёнида ўтирган хуштори ўқ отилганидан кейинги дақиқаларни мобил телефони орқали Интернетда тарқатди.

Президент Барак Обама АҚШда полиция ходимлари томонидан қора танлиларнинг ўлдирилиши ҳолатлари кўпайгани мамлакат учун муаммо эканини айтган.

Америка Қўшма Штатларида ҳар йили полиция ходимлари узган ўқдан бир неча юз киши ҳалок бўлади.

Статистик маълумотларга кўра, полициячилар ўлдирган инсонларнинг аксарини афроамерикаликлар ташкил этади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар