Британия 'хали ҳам ОИда қолиши мумкин'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Жентилони британияликлар қарорларини қайта кўриб чиқишса, "бир бокал шампан виноси ичишга тайёр".

Италия Ташқи ишлар вазири Паоло Жентилони Би-би-си билан суҳбатда Британияда ўтказилган референдум натижаларига қарамай, Бирлашган Қироллик хали ҳам Оврўпо Иттифоқи таркибида қолиши мумкинлигини айтган.

"Охирги 20 йилда биз Оврўподаги референдумлар натижаларининг бошқа референдумлар ёки миллий парламентлар қарорлари воситасида бекор қилинганини кўрдик",- деб айтган италян мулозими Би-би-сининг HARDtalk дастурига берган интервюсида.

У Франция ва Олмония мисолларини келтирган.

Жентилонининг сўзларига кўра, агар британияликлар ўзларининг ОИ дан чиқиш тўғрисидаги қарорларини қайта кўриб чиқишса, у бунинг учун "бир бокал шампан виноси ичишга тайёр".

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption ОИ да қолиш тарафдорларининг намойишлари давом этмоқда

23 июн кунги референдум натижалари эълон қилиниши ортидан ОИ давлатлари Британияни иттифоқдан тезроқ чиқиб кетишга чақиришган.

Олмония Ташқи ишлар вазири Франк-Валтер Штайнмайер музокаралар имкон қадар тезроқ бошланиши кераклигини айтган.

"Брексит" натижаларини амалга тадбиқ қилиш учун Британия Лиссабон шартномасининг 50-моддасини ишга солиши керак бўлади.

Ушбу моддага мувофиқ, иттифоқдан чиқиш учун овоз берган давлат уни икки йил ичида тарк этиши керак.
  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.