АҚШда полиция зўравонлигига қарши янги намойишлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Намойишлар АҚШнинг ўндан ортиқ штатларига ёйилган

Америка Қўшма Штатларида икки кун кетма-кет икки қора танлининг полиция тарафидан ўлдирилишига қарши бошланган норозилик намойишлари жума куни кечқурун бир неча штатларга ёйилган.

Калифорния, Арканзас, Нью-Йорк, Вашингтон, Луизиана ва яна қатор шаҳарларда намойишчилар "Қора танлиларнинг ҳаёти муҳим" (Black Lives Matter) деган шиорларни кўтариб, кўчаларга чиқишган.

Атлантада минглаб намойишчилар шаҳар марказида транспорт қатновини тўхтатиб қўйган.

Иллинойсда эса одамлар Барак Обама яшаган уйнинг олдида тўпланишган.

Ерга ётиб олиб, ўликларга тақлид қилган намойишчилар полиция билан қора танлилар ўртасидаги зўравонликларни тўхтатиш учун чоралар кўришни талаб қилганлар.

НАТО саммитида қатнашиш учун Польшага сафар қилган Президент Барак Обама саммит ортидан режаланган Оврўпо саёҳатини қисқартириб, якшанба кечқурун Вашингтонга қайтиши кутилмоқда.

Норозилик намойишлари Далласдаги худди шунга ўхшаш намойишлар чоғида беш нафар полиция ходимининг ўлдирилишидан икки кун ўтиб юз берган.

Фуқаро эркинликлари бўйича фаол Жесси Жексон полиция ходимларининг ўлими учун аза тутиш кераклиги, аммо бир вақтнинг ўзида қора танлиларнинг "қатл этилиши"га барҳам бериш лозимлигини айтган.

Далласдаги қотилликларга президентлик учун асосий даъвогарлар Ҳиллари Клинтон ва Доналд Трамп муносабат билдиришган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Обама Оврўпо сафарини қисқартириб, Вашингтонга қайтмоқда

Демократлар номзоди Ҳиллари Клинтоннинг сўзларига кўра, бу ҳодиса ҳар бир америкаликни ташвишга солиши керак.

Клинтон хоним АҚШ расмийлари полиция қандай ҳолатларда куч ишлатиши мумкинлиги юзасидан янги қоидаларни ишлаб чиқишлари кераклигини айтган.

Унинг асосий рақиби бўлган республикачи Доналд Трапм эса видеоролик эълон қилиб, унда америкаликларни полиция билан бирдамликка чақирган.

Пайшанба куни гумондорлардан бири - 25 ёшли Мик Жонсон ўзи яширинган бинони забт этиш чоғида портлаш воситасида ўлдирилган.

Шаҳар полицияси бошлиғининг айтишича, музокаралар чоғида Жонсон "оқ танлиларни ўлдириш" ниятида эканини айтган.

Полициячиларни отишда гумон қилиниб, уч киши ҳибсга олинган.

Даллас полицияси раҳбари Дэвид Браун сўзларига кўра, снайперлар полициячиларни отиб ўлдиришга келишиб олиб иш тутганлар.

Норозилик намойишларига АҚШнинг икки штатида полиция ходимлари томонидан отиб ўлдирилгани тасвирга олинган видеоларнинг Интернетда тарқалиб кетгани сабаб бўлди.

Биринчи видео Луизиана штатида 5 июл куни тасвирга олинган.

Батон-Руж шаҳридаги видеода икки оқ танли полициячи ерда ётган қора танлига қарата ўқ узгани ва бунинг оқибатида у ўлгани тасвирланган.

Иккинчи видео 7 июл тунида тарқалиб кетди.

Миннесота штатида рўй берган ҳодисада Филандо Кастиле автомобилда ўтириб, чўнтагидан ҳужжатларини олиш учун қўлини туширган пайти полициячи ўқ узган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Намойишчилар полиция ва қора танлилар ўртасидаги зўравонликларга барҳам беришга чақиришган

Филандо Кастиленинг ёнида ўтирган хуштори ўқ отилганидан кейинги дақиқаларни мобил телефони орқали интернетда тарқатди.

Президент Барак Обама АҚШда полиция ходимлари томонидан қора танлиларнинг ўлдирилиши ҳолатлари кўпайгани мамлакат учун муаммо эканини айтган.

Америка Қўшма Штатларида ҳар йили полиция ходимлари узган ўқдан бир неча юз киши ҳалок бўлади.

Статистик маълумотларга кўра, полициячилар ўлдирган инсонларнинг аксарини афроамерикаликлар ташкил этади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.