ИД Сурияда Россия тикучарини уриб туширган

Россия Мудофаа вазирлиги хабар тарқатишича, Суриянинг Палмира шаҳрига яқин жойда Россия армиясига тегишли Ми-25 ҳарбий тикучари ўзини "Исломий Давлат" деб атайдиган гуруҳ жангарилари томонидан уриб туширилгани оқибатида икки учувчи ҳалок бўлган.

Ҳодиса жума куни юз берган, Интернетда тикучар уриб туширилиши тасвирга олинган видео тарқалган.

Россия ҳарбийларига кўра, Ми-25 ҳарбий тикучари экипажи раҳбари полковник Ряфагат Ҳабибулин ва учувчи Евгений Долгин ҳалок бўлганлар.

Россия Мудофаа вазирлиги хабар қилишича, ИШИД жангарилари Сурия армиясининг мудофаа чизиғини ёриб ўтиб, ичкарига ўтишга муваффақ бўлган.

Сурия ҳарбийлари россияликлардан кўмак сўраган.

"Экипаж Сурия қўмондонлигидан ҳужум қилаётган жангариларга ўт очиш сўралган сўров олган. Экипаж сардори Ряфагат Ҳабибулин террорчиларга ҳужум қилишга қарор этган. Ўзларида бор ўқларни отиб бўлиб орқага қайтаётганида вертолётни террорчилар уриб туширганлар, тикучар Сурия ҳукумат армияси назорати остида бўлган ҳудудга қулаган", дейилади Россия Мудофаа вазирлиги тарқатган хабарда.

Ми-25 тикучари ҳужуми туфайли ИШИД ҳужуми тўхтатилган.

Россиянинг "Интерфакс" ахборот агентлиги хабар қилишича, тикучар Америкада ишлаб чиқарилган TOW танкка қарши оғир ракета мажмуаси билан уриб туширилган.

Ҳарбий учувчилар Ряфагат Ҳабибулин ва учувчи Евгений Долгинни Россия мукофотлари билан тақдирлашга қарор қилинган.

Россия расмийлари Сурияга ўз ҳарбийлари киритилган 2015 йил сентябридан буён 13 россиялик ҳарбий ҳалок бўлганини тасдиқлаганлар.

Ўтган йили ноябрида Россиянинг қирувчи учоғи Сурия-Туркия чегарасида уриб туширилган, бу эса Россия билан Туркия ўртасидаги муносабатлар ёмонлашишига сабаб бўлганди.

Россия Президент Башар ал-Ассаднинг ҳукумат кучларига ИШИД ва бошқа исёнчи гуруҳларга қарши урушида кўмаклашиб келмоқда.

Россия ёрдами асосан ҳаво ҳужумларидан иборат бўлаяпти.

Ғарб Россияни Суриядаги Президент Ассад режимига қуролли қаршилик кўрсатаётган мўътадил мухолифат гуруҳ ва тинч аҳоли вакилларини нишонга олаётганликда айблайдилар.

Бу айбловларни Кремль рад этади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар