Ледсом Британия бош вазирлиги учун курашмайди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Консерватив партия раҳбари ва Британия Бош вазири лавозими учун курашда Ички Ишлар вазири Тереза Мэйга ягона рақобатчи бўлган Андреа Ледсом ўзининг номзодини олишини эълон қилган.

Британиянинг Оврўпо Иттифоқига аъзолик бўйича референдумдан кейиноқ жорий бош вазир Дэвид Камерон ўз истеъфосини эълон қилганидан сўнг партия янги раҳбар ва навбатдаги бош вазирни танлаши керак бўлади.

Сайловчилар унча катта бўлмаган фарқ билан "брексит"- Британиянинг Оврўподан чиқиши учун овоз бердилар.

Консерватив партиянинг раҳбарлиги учун номзодини қўйган беш депутатдан ҳозирга келиб атиги икки киши- Андреа Ледсом ва Ички Ишлар вазири Тереза Мэй қолган эди.

Энергетика масалалари бўйича вазир ўринбосари Андреа Ледсом расмий маълумотномада ўзининг биографиясини аниқ кўрсатмагани кескин танқид қилинди. Сўнгра у берган интервьюсида Тереза Мэйдан фарқли ўлароқ, болалари бўлгани учун ўзи мамлакат раҳбарлигига энг яхши номзод эканини айтгани ҳам танқидларга сабаб бўлди.

Кейинроқ Андреа Ледсом бу сўзлари учун кечирим сўради.

Айни пайтда Консерватив партия раҳбари учун биргина номзод Тереза Мэй бўлиб турибди. Ва у яқин келажакда Британиянинг янги бош вазири этиб тайинлаши мумкин.

Тереза Мэй

Ёши: 59

Лавозими: Ички ишлар вазири, 1997 йилдан бери парламент депутати, Мейденҳед ҳудудининг вакили

Талими: Ўрта мактаб, Оксфорд университетида географиядан таълим олган

Парламентга сайланишгача фаолияти: Англия Марказий банкида молиявий консультант

Оиласи: Инглиз руҳонийнинг ягона фарзанди, Оксфордшир графлигида катта бўлган, 36 ёшида турмушга чиққан, фарзанди йўқ

Шахсий ҳаёти: Ўз шахсий ҳаёти ҳақида гапиришни ёқтирмайди, лекин ўтмишда фарзанди йўқлигидан афсус чекишини айтган; овқат пиширишни яхши кўради ва 100дан ошиқ ошиқ пазандалик китоблари борлигини айтади; крикет спортини яхши кўради

Андреа Ледсом ўзи ҳақида қуйидаги маълумотларни тақдим қилган эди:

Ёши: 53

Лавозими: Энергетика ва иқлим ўзгариши масалалари бўйича вазир муовини, 2010 йилдан бери парламент депутати, Жанубий Нортхамптоншир ҳудудига вакиллик қилади

Таълими: Ўрта мактаб, Уоррик университетида сиёсатшуносликдан таълим олган

Парламентга сайланишгача фаолияти: Банк иши

Оиласи: Қурилиш пудратчисининг қизи, тўрт ёшлигида ота-онаси ажрашишган; Кент графлигида катта бўлган, 23 ёшида турмушга чиққан, икки ўғил ва бир қизнинг онаси

Шахсий ҳаёти: Ота-оналар ва болалар ўртасидаги муносабатлар билан шуғулланувчи хайрия ташкилотига ёрдам беради; тақводор насроний, бошқа депутатлар билан Библияни ўрганиш бўйича гуруҳлар йиғинларида иштирок этади; "Тўртта тўй ва битта дафн маросими" фильмини йилига камида бир марта кўради; регби спортини ёқтиради

Асосий таклифлари шундан иборат бўлган:

Тереза Мэй: "Биз ўта қисқа муддат ичида сиёсий барқарорлик ва иқтисодимизга бўлган ишончни қайта тиклашимиз керак, партия ва мамлакатни бирлаштиришимиз, шунингдек, Оврўпо Иттифоқи таркибидан оқилона ва қадамма-қадам чиқиш йўлида музокараларни олиб боришимиз керак. Ундан ташқари, биз Британияни нафақат нуфузли синфлар, балки ҳар бир фуқаронинг манфаати учун ишлайдиган мамлакатга айлантиришимиз керак".

Андреа Ледсом: "Мен мамлакатимизнинг барча бурчакларига фаровонликни бўлашиб беришни хоҳлайман. Мен иш ўринлари яратилишига ёрдам беришни истайман, чунки биз ўз овозлари эшитилмай қолаётганини айтаётган миллионлаб ватандошларимизга қулоқ тутишимиз керак".

"Брексит"га муносабати

Тереза Мэй: Оврўпо Иттифоқига аъзоликни расман қўллаб-қувватлаган, лекин референдумдан олдинги кампанияда деярли иштирок этмаган. Ҳозир эса халқ хоҳишини қабул қилишини айтади.

Андреа Ледсом: Оврўпо Иттифоқидан чиқиб кетиш бўйича кампаниянинг раҳбарларидан бири, лекин 2013 йилда қилган баёнотларига кўра, Британия Оврўпо Иттифоқи таркибида қолишини истаган.

Янги мурожаат

Айни пайтда 1000 дан ортиқ британиялик олий тоифали адвокатлар Бош вазир Дэвид Камеронга мурожаат билан чиқиб, референдум натижалари мажбурий юридик кучга эга эмаслигини айтмоқдалар.

Уларнинг таъкидлашларича, фақатгина парламент, ҳукумат ёки бош вазир эмас, Лиссабон шартномасининг 50-моддаси- ОИдан чиқиш жараёнини кўриб чиқишга таъсир кўрсатиши мумкин.

Аввалроқ минглаб британияликлар "брексит"га қарши намойишларга чиққан эдилар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ◾ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • ◾Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • ◾Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • ◾Facebook - BBC UZBEK
  • ◾Google+BBC UZBEK
  • ◾YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • ◾Skype - uzbekbbclondon
  • ◾bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ