12 июл Бош вазир Дэвид Кэмероннинг сўнгги иш куни

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA

Британия Бош вазири сифатида Дэвид Кэмерон 12 июл куни ўз ҳукуматининг сўнгги мажлисини ўтказган.

13 июлдан Британиянинг Бош вазири лавозимини шу пайтгача Ички ишлар вазири бўлиб келган Тереза Мэй эгаллаши кутилмоқда.

Британиянинг Оврўпо Иттифоқига аъзолигига бағишланган 23 июндаги референдумда чиқиш тарафдорлари кўпчиликни ташкил этганидан кейин иттифоқ таркибида қолиш кампаниясига етакчилик қилиб келган Дэвид Кэмерон бош вазирликдан истеъфо беришини эълон қилди.

Бунинг ортидан қудратдаги Консерватив партия раҳбарлиги учун фирқа аъзолари ўртасида кураш бошланди.

Бу курашнинг икки ойдан кўпроқ давом этиши кутилган эди.

Тереза Мэй ва Андреа Ледсом бу курашда етакчилар бўлиб турдилар.

11 июл куни Ледсом хоним Консерватив партия раислигига номзодини қайтиб олганини эълон қилди, Бош вазир Кэмерон эса Мэй хоним ҳукуматга раҳбарликка чоршанба кунидан киришиши ҳақида маълум қилди.

13 июл куни Дэвид Кэмерон Букингем саройига ташриф буюриб, Қиролича Елизавета II га ўз истеъфоси ҳақида расман билдиради.

Тереза Мэй эса ўз ҳукумати таркибини шакллантириш ишларини бошлайди.

Тереза Мэй Британиянинг Оврўпо Иттифоқи таркибида қолиши тарафдори эди.

Энди ундан ўз ҳукуматига Консерватив партиянинг иттифоқдан чиқиш тарафдори бўлган аъзоларини киритиши талаб қилинади.

Мэй хоним бош вазир сифатида "Брексит" жараёнига киришмоқчи, бу жараённи муваффақиятли амалга оширишларига ишонишини айтмоқда.

Тереза Мэй
Фото муаллифлик ҳуқуқи epa

Ёши: 59

Лавозими: Ички ишлар вазири, 1997 йилдан бери парламент депутати, Мейденҳед ҳудудининг вакили

Талими: Ўрта мактаб, Оксфорд университетида географиядан таълим олган

Парламентга сайланишгача фаолияти: Англия Марказий банкида молиявий консультант

Оиласи: Инглиз руҳонийнинг ягона фарзанди, Оксфордшир графлигида катта бўлган, 36 ёшида турмушга чиққан, фарзанди йўқ

Шахсий ҳаёти: Ўз шахсий ҳаёти ҳақида гапиришни ёқтирмайди, лекин ўтмишда фарзанди йўқлигидан афсус чекишини айтган; овқат пиширишни яхши кўради ва 100дан ошиқ ошиқ пазандалик китоблари борлигини айтади; крикет спортини яхши кўради.

Янги мурожаат

Айни пайтда 1000 дан ортиқ британиялик олий тоифали адвокатлар Бош вазир Дэвид Камеронга мурожаат билан чиқиб, референдум натижалари мажбурий юридик кучга эга эмаслигини айтмоқдалар.

Уларнинг таъкидлашларича, фақатгина парламент, ҳукумат ёки бош вазир эмас, Лиссабон шартномасининг 50-моддаси- ОИдан чиқиш жараёнини кўриб чиқишга таъсир кўрсатиши мумкин.

Аввалроқ минглаб британияликлар "брексит"га қарши намойишларга чиққан эдилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbekInstagram - BBC UZBEKTwitter - BBC UZBEKOdnoklassniki - BBC UZBEKFacebook - BBC UZBEKGoogle+BBC UZBEKYouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ